• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ЛОЙИҲАСИ — БЎЛҒУСИ МОЛИЯЧИЛАР НИГОҲИДА


2021 йилнинг 25 январь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Тошкент молия институтида 2021 йилга мўлжалланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

 

Тадбирда Марказ эксперт-мутахассислари, институт профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари иштирок этишди.
 

Дастлаб “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Авазбек Холбеков жорий йилги давлат дастурида назарда тутилаётган устувор йўналишлар, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш, ёшларга ҳар томонлама қулай имкониятлар яратиш, айниқса, олий ўқув юртлари талабалари учун шароитлар яратиш бўйича режалаштирилаётган чоралар ҳақида атрофлича маълумот берди.
 

Жумладан, таъкидланганидек, дастур лойиҳасида ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари, стартап ва ғояларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредитлар ажратиш, ёшларнинг халқаро “IT” сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини бюджетдан қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиб, жорий этилишини таъминлаш, халқаро таълим дастурлари (имтиҳонлар) бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини йўлга қўйиш юзасидан белгиланаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди.
 

Давра суҳбатида шунингдек, Молия институтининг Солиқлар ва суғурта факультети декани Лазиз Зоиров, Мураббийлар кенгаши раиси Умрзоқ Ражабов, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ҳам сўзга чиқиб, айни кунларда халқимиз, бутун жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган давлат дастури лойиҳаси янги Ўзбекистон тараққиёти, юрт равнақи, аҳоли фаровонлиги йўлида муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар ҳамда мазкур ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини баён этдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.