• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
2021 ЙИЛ ДАВЛАТ ДАСТУРИ: ТАРАҚҚИЁТНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ
1417 | 04 Фев. 2021 й.


Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш каби муҳим устувор йўналишларни ўзида акс эттирган 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди.

Давлат дастури жами 274 банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 20 та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича – 18 та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши бўйича 113 та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93 та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30 та бандни ташкил этади. Шунингдек, Фармон билан Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм, 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар кўзда тутилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, мазкур Давлат дастури лойиҳаси жорий йилнинг 18-28 январь кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди. Муҳокамалар доирасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 700 га яқин материаллар эълон қилинди, телерадиоканалларда қарийб 400 та чиқиш ва эшиттиришлар эфирга узатилди.

Шу билан бирга, лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ҳам атрофлича муҳокама қилиниб, унда белгиланаётган вазифаларнинг ҳудудларда самарали ижро этилиши бўйича халқ вакиллари олдида турган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Эътиборлиси, давлат раҳбари ва ҳукуматнинг қабул қилаётган қарорларининг жойлардаги ижроси шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва натижаларини аҳолига етказиб боришга қаратилган “Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда” мавзусида кўрсатув ва чиқишлар ташкил этиб борилиши белгиланган.

Шу билан бирга, Президентнинг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини ташкил этишда жамоатчилик иштироки ва назоратини кенг йўлга қўйиш мақсадида “жамоатчилик эшитувлари” ва “жамоатчилик мониторинги” тизимлари ҳам жорий этилмоқда.

Мазкур Фармон билан инсон ҳуқуқлари соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада оширишга, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинглар ва индекслардаги мавқеини яхшилашга хизмат қиладиган инсонпарварлик тамойили жорий қилинмоқда.

Жумладан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилмоқда.

Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларидан жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисидаги тақдимномани киритиш ваколати янги ташкил этилаётган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йилда 6 тагача манзил-колонияларнинг қисқартирилиши ҳам айнан Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг тўлиқ бажарилишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ва бошқа комплекс чоралар тизимини яратиш, қонунчиликка ва давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг амалий фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш механизмлари ва тартиби самарадорлигини ошириш йўналишида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, 2021 йил Давлат дастурида амалга оширилиши режалаштирилаётган барча соҳалардаги чора-тадбирлар, энг аввало, Ўзбекистон тараққиёти, халқ фаровонлиги, юрт ободлигига, бунда давлатимиз ҳар бир фуқаросининг эл ривожига дахлдорлик ҳиссининг юксалиб боришига хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятга моликдир. Зеро, давлат дастури – бу халқнинг ўзи танлаган миллий стратегиядир.

Гулруҳ АГЗАМОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 


0
Похожие новости