• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ХАЛҚАРО ФОРУМ: ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИНГ ТЎРТ ЙИЛЛИК САМАРАСИ ВА ЖОРИЙ ЙИЛДАГИ ВАЗИФАЛАР
975 | 08 Фев. 2021 й.

Жорий йилнинг 5 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Адлия вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар стратегиясининг тўрт йиллик самарадорлиги ва 2021 йилга мўлжалланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.

Нуфузли анжуманда давлат бошқаруви органлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчилари, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Форумни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков очди ва олиб борди. У ўз сўзида Ўзбекистон бугунги жаҳон ҳамжамияти учун синовли бўлган пандемия даврида ҳам жадал тараққий этаётгани, иқтисодиётда барқарор ўсиш суръатларига эришаётгани, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида бир қатор ҳаётий ташаббусларнинг амалга оширилиши натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги юксалаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини қайд этди.
 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Президент Мурожаатномасининг устувор жиҳатларига тўхталар экан, жумладан, қуйидагиларни алоҳида таъкидлади:

– Парламент вакили сифатида депутатларимиз олдида турган ва том маънода тарихий аҳамиятга эга бўлган Мурожаатномада белгиланган қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб биламан. Мурожаатномада бундан 4 йил олдин қабул қилинган, жамият ва давлатни барқарор ривожлантириш бўйича устувор дастурий ҳужжат бўлган Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган, мамлакатимиз равнақини сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтариш ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансга мустаҳкам асос яратишга қаратилган туб демократик ислоҳотлар ҳолати ва истиқболлари, мақсад ва вазифалари чуқур таҳлил қилиб берилди.

2020 йилда Ўзбекистон тарихида илк маротаба БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. АҚШ давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилди. Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг олий минбаридан илгари сурган глобал ва минтақавий ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланмоқда.

Мурожаатномада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ноёб механизмини такомиллаштиришга оид аниқ ташаббус ва таклифлар берилди. Шу билан бирга, БМТ шафелигида “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжуманини ҳамда Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференцияларни ўтказиш белгиланган.

Адлия вазирининг ўринбосари Акбар Тошқулов ўз маърузасида Ҳаракатлар стратегияси ва унинг доирасидаги Давлат дастурлари асосида ўтган 4 йилда Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича муҳим қадамлар қўйилганини таъкидлади. Жумладан, Парламент ва маҳаллий ҳокимият органларининг давлат бошқарувини ташкил этишдаги роли сезиларли равишда кучайиб, ижро ҳокимиятини трансформация қилиш жараёнлари жадал амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, давлат хизматларини кўрсатиш бўйича мутлақо янги ва самарали тизим жорий этилди. Яъни, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Мазкур ташкилот айни вақтда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 150 турдаги давлат хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Шу билан бирга, давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш, хизматга қабул қилишнинг шаффоф механизмларини жорий этиш мақсадида Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолининг кундалик ҳаётидаги муаммоларни тезкор ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, Бош вазир қабулхонаси каби фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари билан бевосита ишлаш институтлари ташкил этилди.

Давлат бошқарувини бюрократиядан ҳоли қилиш ва унинг сарф-харажатларини пасайтириш, бошқарув қарорлари қабул қилиш тизимининг фаолият самарадорлигини ва шаффофлигини ошириш мақсадида номарказлаштириш жараёни асосида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 та алоҳида функция ва ваколатлари тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 28 турдаги маълумотнома - ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова ўз маърузасида ўтган тўрт йил мобайнида Парламент ислоҳотлари самарадорлигига эътибор қаратди. Жумладан, парламент ва сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва роли кучайтирилиб, депутат ва сенаторларнинг фақат киритилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланмасдан, ҳар ойнинг дастлабки ўн кунлигида бевосита ўзи сайланган округга бориб, халқнинг турмуш даражасидан хабар олиш, уни қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби жорий этилиб, қонунчилик базасини тизимлаштириш, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилиш амалиёти қўлланила бошланди.

Парламент назорати – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан жавобгарлигини оширувчи энг муҳим институт сифатида шаклланди.Натижада, ўтган тўрт йил мобайнида 100 дан парламент эшитуви ўтказилди. Парламент ва депутат сўровлари қонун ва қарорлар ижросини ҳамда ислоҳотлар самарадорлигини таъминловчи таъсирчан воситага айланди. Парламент фаолиятида «Ҳукумат соати» ҳамда «Парламент эшитуви» амалиёти йўлга қўйилиб, ҳар икки палатада Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил этилди.

Олий суд судьяси – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Қобилжон Комиловнинг қайд этишича, Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари доирасида суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, жумладан соҳада йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, ўз навбатида, ўндан ортиқ Президент фармон ва қарорлари, шунингдек, бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Жумладан, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тузилди. Суд тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этиш ҳамда ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Мамлакат тарихида илк бор давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги конституциявий ҳуқуқни амалга оширишни таъминлаш мақсадида маъмурий судлар ташкил этилди. Жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилиниб, далилларга баҳо бериш институти такомиллаштирилди. Бу, ўз навбатида, иш бўйича барча ҳолатлар суд томонидан ҳар томонлама текширилиб, далилларга холисона баҳо берилган ҳолда оқлов ҳукмлари кўпайишига асос яратди.

Шуниси диққатга сазоворки, ўтган тўрт йилда 2770 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилиб, 2687 нафар шахс суд залидан озод қилинди, 5225 нафар фуқарога нисбатан асоссиз қўйилган айбловлар олиб ташланган.

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Масалан, судлар ўртасида маълумот алмашиш ва иш юритиш электронлаштирилди, ишларни судьялар ўртасида автоматик тарзда тақсимлаш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини мажбурий ижрога электрон шаклда юбориш амалиёти жорий этилди. Давлат божи ва бошқа йиғимлар ҳисобини юритишнинг ягона электрон тўлов тизими ҳамда жисмоний ва юридик шахслар учун Интерактив хизматлар портали ишга туширилди. Бу қулайликлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман, одил судловга эришиш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди. Хусусан, ўтган тўрт йил давомида 24 мингдан ортиқ суд мажлислари видеоконференцалоқа шаклида ўтказилиб, 52 мингдан ортиқ тарафларнинг вақти ва маблағи тежалди.

Инсон ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланиши йўлида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Иқтисодий процессуал ҳамда Фуқаролик процессуал кодексларига суд қарорларини қайта кўриш институтини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Натижада, “бир суд — бир инстанция” тамойили яратилиб, суд қарорларини қайта кўриш тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ечимига эришилди. Бу тамойил ушбу тизимни тубдан такомиллаштиришга замин яратди. Бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Халқаро стандартларга мос равишда уч босқичли суд тизими яратилди.

Анжуманда сўз олган Молия вазирининг ўринбосари Одилбек Исоқов Иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол инвестиция жалб этишнинг устувор йўналишлари бўйича кейинги тўрт йилда ичида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталар экан, 2017 йилдан бошлаб амалга ошириб келинаётган валюта бозорини либераллаштириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларнинг натижалари ҳақида алоҳида тўхталди. Жумладан, миллий валюта – сўмнинг эркин айирбошланиши йўлга қўйилгани, хўжалик юритувчи субъектлар ўз валюта ресурсларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлгани ва улар томонидан валюта тушумларини сотиш мажбуриятларининг бекор қилиниши, юридик шахслар учун маҳсулотларни импорт қилишда чет эл валютасини эркин харид қилиш ва чет эл инвесторларининг фойдани эркин олиб чиқиш имконияти яратилгани иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Ўз навбатида, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг ўрни ва аҳамиятини ошириш, давлат мулкини бошқариш услубларини бутунлай ўзгартириш, тадбиркорлик субъектларига инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш борасида берилаётган имтиёз ва преференциялар, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича кенг имкониятлар ва ҳуқуқий кафолатлар яратиш, давлат бюджетини ислоҳ қилиш ва шаффофлигини таъминлаш, бюджет ижроси интизомини кучайтириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарни трансформация қилиш масалаларида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Бобур Абдиназаров ўз чиқишида юқори ва барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик субъектларига инвестиция киритиш ва янги иш ўринларини яратиш, ташқи қарз юкини мақбул даражада сақлаб туриш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, рақобат муҳитини яхшилаш, бозорларни эркинлаштириш, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, давлат иштирокидаги йирик корхоналарни хусусийлаштириш, умуман, иқтисодиётни жадал ривожланишига эришиш йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида сўз юритди.

Халқаро форумда Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари мутасаддилари ҳам сўзга чиқиб, Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича ўтган тўрт йил мобайнида қўлга киритилган натижалар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди. Жумладан, таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим қамрови қарийб 61 фоизга етди. Бугунги кунда 4 та Президент мактаби ва 9 та Ижод мактаби ҳамда информатика ва математика, физика ва астрономия, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб иш бошлади.

2016 йилда Ўзбекистонда 77 та Олий таълим муассасаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 132 тага етди. Эътиборли жиҳати, янги ташкил этилган олий таълим муассасаларининг аксарияти ёшлар ва аҳолининг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, вилоят ва чекка туман марказларида ташкил этилди. Олий таълим муассасаларининг 71 тасида сиртқи таълим, 18 тасида кечки таълим шакллари йўлга қўйилди.

Соҳадаги ислоҳотлар натижасида профессор-ўқитувчиларнинг сони тўрт йилда 24 386 тадан 29 998 тага етказилди. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга, олий таълимнинг қабул параметрлари    58 022 тадан 148 114 тага етказилди.

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат ҳуқуқларини тўлақонли муҳофаза қилиш борасида ҳам изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. 2016 йилда республиканинг бешта ҳудудида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг филиаллари ташкил этилган бўлса, бугунги кунда улар республиканинг барча – 14 та ҳудудида фаолият кўрсатмоқда. Меҳнат мигрантларининг тўлақонли ҳуқуқларини таъминлаш учун хорижий давлатларда ҳам 29 та ваколатхоналар ташкил этилди.

Шунингдек, пандемия ва бугунги замон талабларининг ишчи ва иш берувчига қўяётган янгидан-янги талабларини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил якунида амалдаги “Меҳнат кодекси” янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар бўйича амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва xорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари сўз олиб, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик борасидаги фаол саъй-ҳаракатлари жаҳон ҳамжамияти эътиборини қозонаётганига алоҳида аҳамият қаратишди.

Ушбу соҳадаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз позициясини билдириш имконияти кенгайди. 2018 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус “Маърифат ва диний бaғpикeнглик” резолюцияси қабул қилинди.


2020 йил 12-13 август – Халқаро ёшлар куни муносабати билан Самарқандда бўлиб ўтган “Ёшлар 2020: глобал миқёсдаги бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида ташкил этилган инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми эса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг ёрқин мисоли бўлди.

Ўтган вақт давомида Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ҳамкорлигида янги саҳифа очилди. Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси этиб сайланди. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши бўлмиш Марказий Осиё мамлакатлари билан алоқаларда фаол сиёсат юритилди. Натижада, қулай мулоқот муҳити яратилди. Бу борада 600 дан ортиқ юқори даражадаги ҳамда идоралараро ташриф, учрашув ва онлайн-мулоқотлар ташкил этилди.

Ўзбекистон 32 та икки томонлама ҳужжатни турли даражадаги тадбирларда ва дипломатик каналлар орқали имзолади. Жумладан, Германия, Швейцария, Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон билан молиявий-техникавий ҳамкорлик (грант, имтиёзли кредит) битимлари имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий Кенгаш), Осиёда ишонч ва ҳамкорлик чоралари бўйича кенгаш (ОҲИЧБК) каби минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон 6 та универсал ва 5 та минтақавий характердаги кўп томонлама халқаро шартномаларга қўшилди. Европа иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимини имзолаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, Европа Иттифоқининг GSP+ бенефициар мақомига эришиш борасида изчил ишлар амалга оширилди.

Халқаро анжуманда ўтган 4 йил мобйнида амалга оширилган ислоҳотлар самараси сарҳисоб этилиши баробарида, жорий 2021 йилда белгиланган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.

Эътироф этилганидек, Ўзбекистон раҳбарининг 2020 йил 29 декабрда Парламентга йўллаган Мурожаатномасида устувор вазифалар қаторида қайд этилган ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш каби муҳим устувор йўналишлар куни кеча қабул қилинган 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топди.

Форумда иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари – Бирлашган миллатлар ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Хелена Фрейзер, Элчи, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва бошқалар ўз чиқишларида Мурожаатномада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар замонавий халқаро тамойиллар билан ҳамоҳанг эканига эътибор қаратишди.



Халқаро форум иштирокчилари томонидан «Ҳаракатлар стратегияси» бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда, Ўзбекистон учун сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг энг муҳим беш устувор йўналишини амалга оширишнинг яқин истиқболга мўлжалланган муҳим миллий стратегик ҳужжати эканлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжат мамлакатда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоялаш, энг асосийси, халқни рози қилиш ва аҳолининг фаровон турмушини таъминлаш йўлида устувор аҳамият касб этиб келаётгани эътироф этилди.

Очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтган халқаро форумда ҳар бир маърузадан сўнг қизғин муҳокамалар ўтказилди. Анжуман давомида хорижий ва маҳаллий экспертлар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.

 


0
Похожие новости