• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЎЗБЕКИСТОНДА БУНДАН БУЁН “ХАЛҚЛАР ДЎСТЛИГИ КУНИ” КЕНГ НИШОНЛАНАДИ


Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари Конституция ва қонунларида белгиланган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Шунингдек, 141 та миллий маданий марказ фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг она тилида таълим олишини таъминлаш мақсадида эса таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда, яъни ўзбек ва қорақалпоқ тилларидан ташқари рус, тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида ҳам олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилиб, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаяпти.
 

Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда фуқароларнинг қайси дин ёки миллатга мансублигидан қатъи назар, ҳақ-ҳуқуқлари тенг экани Бош Қомусимиз ва бошқа тегишли қонунлар билан қатъий кафолатлаб қўйилган.
 

Маълумки, 2021 йил – Ёшларни қўллаб қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 255-бандида 30 июль – Халқаро дўстлик кунини юртимизда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилаш назарда тутилган эди.
 

Мазкур банд ижроси юзасидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жорий йилнинг 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг ялпи мажлисида қабул қилиниб, 5 февраль куни Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида маъулланган эди.
 

2021 йил 10 февралда мазкур Қонун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланиб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
 

Эндиликда Ўзбекистонда ҳар йили 30 июль – “Халқлар дўстлиги куни” сифатида кенг нишонланади. Ушбу банд ижроси билан белгиланган сана мамлакатимиздаги турли миллатлар вакилларининг бир бирига бўлган меҳр-оқибатини ва тотувлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.
 

Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йил 3 майдаги 65-сессиясида қабул қилинган резолюциясида халқлар, давлатлар, маданиятлар ва инсонлар ўртасидаги дўстлик, тинчликни таъминлаш билан боғлиқ ҳаракатларга илҳомлантириш ҳамда маданий хилма-хилликни ҳурмат қиладиган жамиятлар ўртасида кўприклар ўрнатиш имкониятини яратиш мақсадида 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши белгиланган.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.