• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“WORKОUT” НИМА? НИМА УЧУН У ДАВЛАТ ДАСТУРИГА КИРИТИЛДИ?


Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш, фуқароларнинг соғлом турмуш тарзи кўрсаткичларини ошириш ҳамда аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш, соғлом авлод тарбияси учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Натижада мамлакат аҳолисининг ўртача умр кўриш ёши 73 ёшдан 75,1 ёшга кўтарилди. Шунингдек, соғлом турмуш тарзининг кенг тарғиб қилиниши дунёнинг барча мамлакатлари учун оғир синов бўлган пандемия даврида ҳам ўзининг ижобий натижасини кўрсатди. Тўғри ва соғлом турмуш тарзига кўникиб улгурган фуқароларимиз пандемия даврида ўзлари ва яқинлари ҳаётини асраб, Ўзбекистон ўз вақтида пандемиянинг кучли таъсиридан чиқиб кетишига муносиб ҳисса қўшишди.

Эътиборли томони, бу каби саъй-ҳаракатлар тизимли ва изчил давом эттириб борилмоқда. Жумладан, 2020 йил 30 октябрда “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланди. Фармонда республикада аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол билан бир қаторда “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) спортнинг устувор турларидан бири сифатида белгиланди.

Шу билан бирга, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам бу борадаги ишлар самарасини юқори натижаларга олиб чиқиш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланганини кўриш мумкин.

Хусусан, Давлат дастурининг спортни янада ривожлантиришга қаратилган 207-бандида аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар қамровини ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказиш борасида алоҳида чоралар белгиланган. Мазкур бандни ҳаётга жорий этиш мақсадида аҳолининг барча қатламларини қамраб оладиган оммавий спорт мусобақалари ташкил этилади. “Samarqand Half marathon”, “Yangi nafas marafon”, “Navruz marathon”, “Save Aral” марафон (ярим марафон)лари, ёшлар ўртасида олимпия ҳаракатини ривожлантириш мақсадида 23 июнь – Халқаро олимпия кунига бағишлаб “Олимпия ҳаракати” спорт фестиваллари шулар жумласидандир.

2021 йил якунигача Давлат дастурининг 209-банди ижроси таъминланиб, спортнинг юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш мақсадида аҳоли пунктларида, ҳар бир маҳалла ва туман (шаҳар)да жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратилади.

Шу ўринда аҳоли ўртасида омавий спортни ривожлантиришда “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) турларига алоҳида урғу берилгани бежиз эмас. Бугунги кунда барча авлод вакиллари эркин ҳаракатланиш ва ривожланиши учун имкон берадиган спорт турларини танлашга интилмоқда. Аммо барча фуқаролар ҳам ишдан кейин фитнес марказга бориш учун вақт ёки иқтисодий имконият топа олмаслиги мумкин. Шу ўринда, Workоut (маҳалла ва кўча фитнеси) ишлаш ва яшаш жойи учун яқин бўлган ҳудудда исталган вақтда, ҳеч қандай сарф-харажатсиз шуғулланиш имконини беради.

Хулоса қилиб айтганда, спортни ривожлантириш борасида Давлат дастурида назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётга татбиқ этилиши, фуқароларга нафақат ўз саломаликларини мустаҳкамлашга, шу билан бирга, жамиятда соғлом турмуш тарзи шакилланишига ёрдам беради. Бу борадаги ишлар самараси натижасида эса 2025 йилга келиб аҳолининг ўртача умр кўриш давомилиги 76,4 ёшга етказилади.

Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси