• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ” МАРКАЗИ ҲИНДИСТОНДАГИ “АҚЛ МАРКАЗЛАРИ” БИЛАН ҲАМКОРЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАМОҚДА

Жорий йилнинг 23 февраль куни Ўзбекистон-Ҳиндистон таҳлил марказларининг видео-анжуман шаклидаги Иккинчи форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ва Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси, ҳар икки давлатнинг “Ақл марказлари” вакиллари ҳамда таниқли эксперт-мутахассислари иштирок этишди.

Форумни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев очиб, ҳар икки халқни кўп асрлик маданий, савдо-иқтисодий алоқалар боғлаб туришини, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилгани, шу асосда сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Ўз навбатида, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги котиби, элчи Викас Сваруп асосий минтақавий ва глобал масалаларни ҳал этишга икки мамлакатнинг ёндашувлари ўхшашлиги, Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари икки томонлама юксак даражадаги ҳамкорлик билан ажралиб туриши ва ўзаро манфаатли алоқаларни чуқурлаштириш ва кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги, бу каби тадбирлар ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда алоҳида ўрин тутишини қайд этди.

Шунингдек, форумда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов сўз олиб, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида сўнгги тўрт йил ичида амалга оширилган ислоҳотлар, турли соҳаларда эришилган натижаларга тўхталиб, унинг асосида ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурлари Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, бошқа давлатлар, жумладан, Ҳиндистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди. 

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ҳиндистондаги “Ақл марказлари” ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари ҳақида ҳам маълумот берилиб, бу борадаги ишларни яна фаоллаштириш, тажриба алмашиш ва тадқиқот лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.