• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИНИНГ ТУЗИЛМАСИ МАҚБУЛЛАШТИРИЛАДИ


Сўнгги тўрт йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат томонидан тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, давлат органларида соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириш, улар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида самарадор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада давлат функцияларини амалга оширишга хусусий секторни жалб қилиш йўналишида олиб борилаётган ишлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг натижадорлиги, очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, 2021 йил — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилиДавлат дастурининг 4-бандида ҳам Давлат бошқаруви органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасидаги муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг тузилмасини мақбуллаштириш ва штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисида” 2021 йил 3 апрель куни қабул қилинган Президенти Қарори билан Давлат дастурининг 4-бандида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси таъминланди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 майдан бошлаб, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмалари бошқарув ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилиб, уларнинг янгиланган чекланган сони белгиланмоқда. Жумладан, амалда мавжуд бўлган 43 969 та бошқарув ходимлари штат бирлиги сони 5 288 тага қисқартирилмоқда. Шундан давлат бюджети ҳисобидан қисқартирилаётган штат бирликлари сони 5 175 та. Бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қисқартирилаётган штат бирликлари сони эса 113 тани ташкил этмоқда. Натижада, 2021 йил 1 май ҳолатига бошқарув ходимлари штат бирлиги сони 38 681 тани ташкил этади.

Шунингдек, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўлиқ тугатилиб, унинг барча вазифа, функция ва ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилмоқда. Эндиликда, Молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тугатилаётган Агентликнинг халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларини, улар билан келишилган ҳолда, кейинчалик амалга ошириш механизмини белгилашга қаратилган Президент ҳужжатлари лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши билан бирлаликда қисқартирилаётган штат бирликларида фаолият юритаётган ходимларни иш билан таъминлаш чораларини кўради.Шу билан бирга, 2021 йил 1 сентябрга қадар ходимларнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларига (KPI) эришилганлиги натижаларини рейтинг баҳолашни амалга ошириш учун махсус дастурий мажмуа ишлаб чиқиш ҳамда давлат органларида босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш бўйича вазифалар ҳам Қарорда ўз аксини топган.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати