• Ўзбек
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2021 йилги Давлат дастури амалда: 18 турдаги халқаро имтиҳон тизими бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга харажатлари тўлиқ қоплаб берилади


“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”
Давлат дастурининг 159-бандида Халқаро таълим дастурлари (имтиҳонлар) бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 13 апрель куни қабул қилинган “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги Қарори билан Давлат дастурининг мазкур банди ижроси таъминланди.

Мазкур Қарорга мувофиқ, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 18 турдаги халқаро имтиҳон тизими бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Яъни 5 турдаги — IELTS, TOEFL, GRE, GMAT, SAT халқаро имтиҳон тизимларидан юқори балл олганларга 2021 йил 1 майдан бошлаб имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилади.

Инглиз, немис, француз, испан, итальян, турк, корейс, япон, хитой, араб, рус каби хорижий тиллар бўйича имтиҳонларда энг юқори балл тўплаганларга имтиҳон топшириш харажатлари 2022 йил 1 январдан бошлаб қоплаб берилади.

Мазур Қарорда имтиҳон топшириш харажатлари компенсация қилиниши учун тўпланиши лозим бўлган юқори баллнинг (даражанинг) минимал кўрсаткичи берилган. Мисол учун, IELTS халқаро имтиҳон тизимида энг юқори кўрсаткич 9 даража бўлса, имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши учун имтиҳон топширувчи камида 7 даражани қайд этиши лозим.

Қарорга кўра, имтиҳон бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизмати қуйидаги тартибда амалга оширилади:

— давлат хизматлари марказлари ариза берувчи келиб мурожаат этганда унинг номидан сўровномани тўлдириб, Ёшлар ишлари агентлигига юборади;

—    Ёшлар ишлари агентлиги махсус сертификатни верификациядан ўтказади ёки махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини масъул ваколатли хорижий ташкилот орқали тасдиқлатиб олади. Ҳақиқийлиги тасдиқланган махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг электрон реестрини шакллантиради, ушбу электрон реестрни ва унга мувофиқ, компенсация маблағларини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг ҳисобварағига ўтказади ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади;

— Халқ банки филиали ариза берувчининг компенсация пулини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда унинг хоҳишига кўра ушбу компенсациянинг нақд ёки нақд пулсиз шаклда тўланишини амалга оширади.

— ариза берувчига СМС хабар юбориш билан боғлиқ харажатлар Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан қопланади.

— Давлат хизматлари марказлари, Ёшлар ишлари агентлиги ва Халқ банки ўртасидаги электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида ахборот алмашинуви Электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.

Мухтасар айтганда, мазкур Қарор халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга. 

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати.