• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

“TASHKENT LAW SPRING” II ХАЛҚАРО ҲУҚУҚИЙ ФОРУМИДА ҲУҚУҚ СОҲАСИГА РАҚАМЛИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ МАСАЛАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


Жорий йилнинг 22-23 апрель кунлари “Tashkent Law Spring” II Халқаро ҳуқуқий форуми ўтказилди. Форум доирасида 23 апрель куни Тошкент шаҳрида “Сиёсатни амалга ошириш” (Policy implementation) мавзусида онлайн тақдимот шаклидаги мунозара сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳаммодераторлигида бўлиб ўтган сессияда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти котибиятининг Евроосиё бўлими бошлиғи Уильям Томпсон, Халқаро юристлар ассоциацияси бош котиби Клаудио Виско,  World Justice Projectнинг бош илмий ходими (АҚШ) Д-р Алехандро Понсе, Германиянинг Киел университети Шарқий Европа тадқиқотлари маркази директори профессор Александр Транк, Жаҳон банки давлат секторини бошқариш бўйича бош мутахассиси Валид Малик ҳамда Массачусетс технологиялар институти профессори Дарон Ажемоглу маърузага чиқиб, яқин келажакда ҳуқуқ соҳасига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва уни ривожлантириш истиқболлари, сиёсатни ишлаб чиқиш уни амалга оширишдаги долзарб вазифалар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Хусусан, Уильям Томпсон ўз маърузасида Марказий Осиёда бизнес учун ҳуқуқий муҳитни яхшилаш, ислоҳотларнинг устувор йўналишларини белгилаш, сиёсатни амалга оширишда муаммоларни ҳал қилиш ҳамда маҳаллий бизнес учун изчил ҳуқуқий муҳитни таъминлашга оид бир қатор фикр ва таклифларни билдириб ўтди.

Сессияда фуқаролик жамияти ташкилотларининг оммавий ва профессионал сиёсатни ривожлантиришдаги ўрни ва аҳамиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, Клаудио Виско ўз маърузасида уларни амалга оширишни баҳолашнинг бир нечта мақсадлари, баҳолашда кузатиладиган стандарт жараён, баҳолашдаги муаммолар ва унинг ечимлари, фуқаролик жамиятлари ташкилотларининг сиёсатни амалга оширишда таклиф ва эътирозларини ҳисобга олиш ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Шунингдек, сессия давомида иштирокчилар Александр Транкнинг “Сиёсатни амалга ошириш” — Германия ва Европа Иттифоқидаги ёндашувлар ҳақида баъзи эслатмалар мавзусидаги маърузасини тинглашди ҳамда Германия ва Европа Иттифоқи мисолида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қонун ижодкорлиги ва қонун ҳужжатларини қўллаш босқичлари ҳақида зарур маълумотларга эга бўлишди.

Сессия якунида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга хорижий экспертлар томонидан батафсил жавоблар берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.