• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЖАҲОН БАНКИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН БЎЙИЧА МАМЛАКАТ ТИЗИМЛИ ДИАГНОСТИКАСИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


“Тараққиёт стратегияси” маркази ва Жаҳон банки томонидан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари иштирокида Ўзбекистон бўйича мамлакат тизимли диагностикаси (Systematic Country Diagnostic - SCD) тадқиқотлари доирасида онлайн консультация шаклида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати аввалида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Умид Абидходжаевлар сўз олиб, Жаҳон банки Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ривожига катта ҳисса қўшиб келаётгани, хусусан, ҳар хил турдаги лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳам молиявий, ҳам экспертлик ёрдамини кўрсатиб келаётганига алоҳида тўхталиб ўтишди.

- Мамлакат тизимли диагностикаси тадқиқотлари бу Жаҳон банкининг қашшоқликни бартараф этиш ва умумий фаровонликни ошириш учун мамлакатдаги асосий муаммолар ва имкониятларни аниқлайдиган етакчи ҳисобот бўлиб, Жаҳон банки мамлакатлар билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилашда фойдаланадиган асосий маълумотнома ҳисобланади.

Бугунги тадбирда мазкур тадқиқот доирасида келгуси беш йил давомида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари ҳақидаги фикр мулоҳазалар муҳокама қилиниб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш назарда тутилган, — дея таъкидлади “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков.

Ўзбекистон бўйича мамлакат тизимли диагностикаси охирги марта 2016 йилда, яъни Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳукумат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ўзгаришлар бошлангунга қадар амалга оширилган эди. Айни пайтда Жаҳон банки Ўзбекистон бўйича навбатдаги мамлакат тизимли диагностикаси бўйича ишларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон бўйича келгуси беш йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилаётган мамлакат тизимли диагностикаси Ўзбекистоннинг тўртта асосий имкониятлари атрофида амалга оширилмоқда. Хусусан, фаол ва кенг қамровли (инклюзив) хусусий секторни ривожлантириш, самарали ва ҳисобдор бўлган давлат институтларини барпо этиш, одамларга ва инсон капиталига сармоя киритиш ҳамда яшил, барқарор ва ҳаётчан иқтисодиётга ўтиш кабилардир.

Мамлакат тизимли диагностикасини ишлаб чиқишда барча манфаатдор томонлар, жумладан, вазирликлар, Олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа ҳамкорлар иштирокида муҳокамаларнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад — келгуси беш йил ичида юқорида таъкидлаб ўтилган тўрт йўналишнинг ҳар бири бўйича Ўзбекистон учун устувор бўлган вазифаларни белгилаб олишдан иборатдир.

Шу боис, айни кунларда мамлакат тизимли диагностикаси тадқиқотлари доирасидаги онлайн консультациялар тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан ҳамкорликда давом эттирилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати.