• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

2021 йилги Давлат дастури амалда: “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилади

 “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 156-бандида Эркин иқтисодий
ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш билан боғлиқ вазифалар белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Давлат дастурининг мазкур банди ижроси таъминланди.

Қарорга кўра, 1 сентябргача 77 та, 2022 йил 1 январгача жами 219 та саноат зоналари ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилиши белгилнган.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан ажратиладиган 100 миллион АҚШ доллари, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари, жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ҳудудида майдони 1000 м² гача бўлган ер участкалари, истисно тариқасида, электрон аукцион савдоси ўтказмасдан, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг қарори билан ажратилади. Бунда, бўш бино ва иншоотлар (давлат кўчмас мулк объектлари) шартнома асосида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланадиган ижара тўловининг энг кам миқдоридан ошмаган ставкаларида ижарага берилади.

Патент асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни таъминловчи стартап-инвестиция лойиҳалари, инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳалари, шунингдек, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда яратиладиган янги иш ўринларининг камида 70 фоизи ёшлар учун мўлжалланган, шу жумладан, бандлиги таъминланмаган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш назарда тутилган инвестиция лойиҳалари Ёшлар саноат зоналари ҳудудида жойлаштирилишида устуворликка эга бўлади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида:

— молиявий ресурслар тижорат банклари томонидан бир ёш тадбиркорлик субъекти учун бир йўла 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда 7 йилгача муддат билан тақдим этилади;

— қиймати 100 минг АҚШ доллари эквивалентигача бўлган инвестиция лойиҳалари Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади, ундан ошган қисми эса ушбу қарорда назарда тутилган имтиёзларсиз, тижорат банклари орқали умумий тартибда тақдим этилади;

— тижорат банкларига инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун молиявий ресурслар Жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида, миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2 фоиз ставкалари билан тақдим этилади;

— тижорат банклари миллий валютадаги кредитларни ўз маржаси миқдорини 4 фоиздан оширмасдан йиллик 14 фоиз, хорижий валютадаги кредитларни — ўз маржаси миқдорини 1 фоиздан оширмасдан йиллик фоиз ставкасини 3 фоиз миқдорида белгилаган ҳолда ажратади;

— тижорат банклари ажратилган молиявий ресурсларнинг мақсадли фойдаланилиши ва тўлиқ қайтарилишини доимий мониторинг қилиб боради.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига Ёшлар саноат зоналари ҳудудида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун бинолар қуриш мақсадларига молиявий ресурслар Жамғарманинг молиявий кўрсаткичлари ва унинг ресурс базасидан келиб чиққан ҳолда берилади, шу жумладан:

— Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларига ёш тадбиркорлик субъектлари учун бино қуришга бериладиган молиявий ресурслар миллий валютада йиллик 10 фоиз ставкаси миқдорида белгиланган ҳолда тақдим қилинади;

— тижорат банклари томонидан ёш тадбиркорлик субъектларига биноларни лизинг асосида бериш миллий валютада йиллик 14 фоиз ставкасини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Бунда, ёш тадбиркорлик субъекти бошланғич тўлов сифатида лизингга бериладиган бино қийматининг 10 фоизини ташкил қилувчи қисмини тўлайди.

Қарорда белгиланганидек, 2023 йил 31 декабрга қадар Ёшлар саноат зоналари ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг таъминоти билан боғлиқ қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

— Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;

— устав фонди (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади.

Мухтасар айтганда, мазкур Қарор ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббуслари, стартап-лойиҳалари ва амалий тадқиқотлари натижалари рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш, ёш тадбиркорлик субъектларининг саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда алоҳида аҳамиятга эга.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.