• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЙЎЛИДАГИ ҲАМКОРЛИК


Жорий йилнинг 18 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази, "Демократия ва Инсон ҳуқуқлари институти" нодавлат-нотижорат ташкилотининг Республика жамоат бирлашмаси ҳамда Германия Федератив Республикаси “DVV International” ташкилотининг Ўзбекистондаги филиали ва "Интилиш" Республика ахборот-маърифий маркази нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳамкорлигида Идоралараро Ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Давра суҳбати шаклидаги тадбир “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қайта ижтимоийлаштиришда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги” лойиҳаси доирасида бўлиб, унда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўз олиб, анжуманнинг бугунги кундаги долзарб аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Жумладан, лойиҳанинг асосий вазифаси, мунозаралар майдончасини яратиш, манфаатдор томонлар ўртасида ижтимоий шериклик мулоқотини ривожлантиришдан иборат эканлиги таъкидланди.

Йиғилишда сўз олганлар, шунингдек, қамоқдан озод қилинган маҳкумлар ва маҳбуслар учун самарали ва сифатли касб-ҳунар таълими, шу жумладан, ҳаётий кўникмалар дастурлари, ижтимоий хизматлар, психологик ёрдам ва маслаҳат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.

– Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш, фуқароларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат эканини алоҳида такидлаш лозим, – деди жумладан Элдор Туляков. – Сабаби, айнан мана шундай жазони ўтаб чиқиб, жамият орасида яшашга қайтаётган шахсларнинг ҳуқуқ-манфаатларини тўлақонли таъминлаш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга. Чунки, айнан жазони ижро этиш муассасаларидан қилмишига яраша қонуний жазосини ўтаб чиққан шахслар жамиятда ўз ўрнини қайта топишида муайян муаммоларга дуч келади. Бу муаммолар ижтимоий соҳада ҳам, ёки оддий маиший, айтайлик, мулоқот қилиш масаласида ҳам бўлиши мумкин. Бугунги тадбир ана шу каби масалаларни ҳал этиш чора-тадбирларига йўналтирилган.

Давра суҳбатида шунингдек, турли муаммоларни муҳокама қилиш учун платформалар яратиш, маҳкумларга ва қамоқдан озод қилинган шахсларга нисбатан камситишларни камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, пробация хизматини янада такомиллаштириш масалалари устувор вазифа экани таъкидланди.

Шу билан бирга, анжуманда инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, шаффофлик ва бағрикенглик, таклиф этилаётган дастурларда ихтиёрий иштирок этиш, "зарари йўқ" тамойилига риоя қилиш, гендер ёндашуви каби бир қатор муҳим масалаларга эътибор қаратилди.

Бунда идоралараро ишчи гуруҳининг иши мавжуд вазиятни аниқлаш, судланган ва озод қилинган, шунингдек, жазони ўтаб қайтиб келганлар билан олиб бориладиган ишларни мувофиқлаштириш бўйича вазиятни яхшилаш, тавсиялар ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш экани айтиб ўтилди.

Йиғилиш якунида кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар тингланиб, ушбу лойиҳа иштирокчиларининг ҳар чоракда учрашувларини ўтказиб туриш белгилаб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.