• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАШ – МУҲИМ ВАЗИФА


Жорий йилнинг 22 май куни “Бутунжаҳон биологик хилма-хилликни сақлаш куни” муносабати билан “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида Пойтахтнинг Юнусобод туманида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида “Она юртимиз яшилликка буркансин” мавзусида экологик давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ходимлари, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши депутатлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, бугунги кунда бутун ер юзи бўйлаб энг долзарб глобал муаммолардан бири бу экологик таҳдидлар ҳисобланади. Инсон омилининг табиатга зарарли таъсири ўсимликлар, ҳайвонот дунёси ва ўрмонзорларнинг тобора камайиб кетишига, атроф-муҳит ифлосланишига олиб келмоқда. Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ чора-тадбирларга асосланган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистондаги экологик барқарорлик, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича сўзга чиққанлар томонидан бу борадаги фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хусусан, Ўзбекистон нафақат дунёга кўплаб моддий ва номоддий мерос ёдгорликларини қолдирган буюк цивилизациялар вориси, балки ўзига хос табиати, биологик хилма-хиллиги билан ажралиб турадиган улкан минтақа экани, бошқа давлатлар сингари мамлакатимизда ҳам ўта жиддий экологик муаммолар, шу жумладан, флора ва фаунанинг ноёб турларини сақлаб қолиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, уларни бартараф этиш йўлида қатор саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Хусусан, юқоридаги каби экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Глобал экологик фонд (ГЭФ), Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТ ТД), Атроф-муҳит дастури, ЮНEСКО, Бутунжаҳон ёввойи табиат фонди ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйгани қайд этилди.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам атроф-табиий муҳит, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларни олдини олишга қаратилган устувор вазифалар алоҳида белгилаб берилган. Бу чора-тадбирлар ҳар йили қабул қилинаётган Давлат дастурларида ўз аксини топиб, ижроси таъминланмоқда.

Давра суҳбати давомида Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг экологик маданиятни шакиллантириш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда юртимизни яшил боғлар билан буркаш борасидаги фикрлари тингланиб, фаол қатнашчиларга ташкилотчилар томонидан совғалар тақдим этилди.

Тадбир якунида ёшлар билан биргаликда Меҳрибонлик уйи ҳудудига турли хил манзарали дарахт кўчатлари экилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.