• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ МУАММОЛАР ЖАМОАТЧИЛИК ЭШИТУВИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 27 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан Энергетика вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда мутахассислар, экспертлар, ҳуқуқшунослар, Энергетика вазирлиги мутасаддилари ҳамда нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Жамоатчилик эшитувида Адлия вазирлиги томонидан Энергетика вазирлиги, унинг таркибидаги ва назорати остидаги ташкилотларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини ўрганиш натижалари бўйича ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Тадбирда сўзга чиққанлар 2017-2020 йилларда “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимида жойлаштирилган, Энергетика вазирлигига бевосита вазифа юкланган 2 та Қонун, 3 та Президент Фармони, 15 та Президент қарори, шунингдек улар ижросини таъминлашга қаратилган 5 та Ҳукумат қарорининг жойлардаги ижроси ҳолатининг сифати, тўлиқлиги ва кўлами юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини баён этишди.

Таъкидланганидек, Президентнинг Фармон ва қарорларида назоратга олинган вазирликка алоқадор 1 002 та топшириқ – 32 та Фармон, 114 та қарор, 5 та фармойиш ва 68 та баёндан 612 таси ёхуд 61%и бажарилган. Топшириқларнинг 382 таси (39%и) ижро жараёнида, 134 таси (21%и) муддатидан кеч бажарилган бўлса, 8 та топшириқнинг ижро муддати белгиланган муддатдан ўтказиб юборилган.

Шунингдек, “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида 2020 йил 15 июлдан 31 декабргача 750 кВт. гача бўлган қувватда уланган ҳамда қўшимча учинчи сменани ташкил этган маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи истеъмолчилар учун тунги давр – сутканинг қоронғи даврида (ягона электр энергетика тизимининг соат 22.00 дан 24.00 гача ва соат 00.00 дан 06.00 гача бўлган минимал юкламалар соатларида) фойдаланилган электр энергияси бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган тарифга нисбатан 1,5 баравар миқдорда камайтириш коэффициенти қўлланилиши белгиланган.

Бироқ, қарор ижроси бўйича ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмагани оқибатида 6 000 га яқин тадбиркорлик субъектига электр энергиясидан фойдалангани учун камайтирилган коэффициент қўлланмаган. Бу, ўз навбатида, мазкур корхоналар томонидан электр энергияси учун ортиқча маблағлар тўланишига олиб келган.

Шу билан бирга, қарор билан тасдиқланган Ёқилғи-энергетика ресурслари жами йиллик истеъмоли икки минг тоннадан ортиқ шартли ёқилғи ёки бир минг тоннадан ортиқ мотор ёқилғиси бўлган корхоналарни мажбурий энергетик текширувдан (энергия аудитидан) ўтказишнинг 2020 йилга мўлжалланган 65 та корхонадан 25 таси (38,4 %и)да энергия аудити ўтказилган.

Жамоатчилик эшитувида сўзга чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи Фарид Назаров ҳамда Энергетика вазирлиги масъул ҳодимлари томонидан юқоридаги каби муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, аҳолига электр энергияси етказишдаги узилишларга барҳам бериш, соҳада қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш масалаларида Энергетика вазирлиги томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланиши, улар изчил ва самарали амалга ошириб борилиши лозимлиги таъкидланди.

Қизғин баҳс-мунозараларга бой ўтган жамоатчилик эшитувида оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари ва экспертлар томонидан вазирлик тизимида юқоридаги каби камчиликлар билан бирга, энергия тежовчи технологиялар бўйича донорларнинг техник кўмак сармояларини жалб этиш, вазирликнинг пул маблағларини тақсимловчи жамғармани шакллантириш ҳамда энергетика соҳасида норматив базани такомиллаштириш юзасидан ўз вақтида тегишли ишлар амалга оширилмагани ҳам танқид қилиниб, бу борада тегишли таклиф-тавсиялар берилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.