• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ТАШҚИ СИЁСАТ ЙЎНАЛИШИДАГИ ФАОЛИЯТИ – ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

Жорий йилнинг 31 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан “Ўзбекистоннинг янги, прагматик ва фаол ташқи сиёсати” мавзусида халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ташқи ишлар вазирлигининг Халқаро муносабатлар бўйича ахборот-таҳлилий маркази ва Марказий Осиё халқаро институти эксперт-сиёсатчилари ҳамда халқаро тадқиқотчилар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, мамлакатнинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш ҳамда хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш соҳаларида сўнгги тўрт ярим йил давомида бир қатор муҳим ва самарали ислоҳотлар амалга оширилгани таъкидлаб ўтилди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Фаррух Ҳакимов ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан очиқ ва амалий сиёсати натижасида эришилган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтди.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг янги, прагматик ва фаол ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиё давлатлари ўртасида минтақавий ҳамкорлик жадаллашиб, савдо-иқтисодий алоқалари яхшиланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдо айланмаси 2019 йилда 5,2 миллиард АҚШ долларига чиқди, 2020 йилда эса глобал пандемияга қарамай, бу кўрсаткич 5 миллиард АҚШ долларинии ташкил этди.

Ўзбекистон раҳбарияти минтақавий ҳамкорликка содиқлигини глобал пандемиянинг дастлабки давриданоқ яна бир бор намойиш этди ва Марказий Осиёда CОVID-19 га қарши биргаликда курашиш ташаббусини илгари сурди. Хусусан, минтақа давлатлари ўртасида пандемия оқибатларини бартараф этиш юзасидан тажриба алмашиш ва инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, тадбирда экспертлар томонидан сўнгги йилларда экспортни рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 72 фоизга ўсиб, 2016 йилдаги 24,2 миллиард АҚШ долларидан 2019 йилда 41,8 миллиард долларга етгани қайд этиб ўтилди.

– Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 193 мамлакати билан савдо алоқаларини олиб бормоқда. Бунда ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Хитой (18,1%), Россия Федерацияси (15,7%), Қозоғистон (8,0%), Корея Республикаси (6,5%), Туркия (6,0%), Германия ( 2,3%) ва Қирғизистон (2,0%) ҳиссасига тўғри келмоқда, – дея таъкидлади халқаро давра суҳбатида сўз олган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази еткачи илмий ходими Ҳасан Мажидов.

Барчамизга маълумки, CОVID-19 пандемияси барча даражадаги давлатлар иқтисодиёти учун синовли давр бўлди. Хусусан, пандемия сабаб юзага келган иқтисодий пасайиш Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасига ҳам таъсир кўрсатди. Ушбу даврда ташқи савдо ҳажми 13 фоизга камайиб, 41,8 миллиард доллардан 36,3 миллиард долларга тушди, экспорт ва импорт эса бир хил даражада камайди. Минтақалар бўйича МДҲ мамлакатлари билан савдо ҳажмининг сезиларли пасайиши кузатилди. Айнан экспорт 34 фоизга, импорт эса атиги 6 фоизга камайган.

Шу билан бирга, давра суҳбатида иқтисодчи тадқиқотчилар томонидан Ўзбекистон улкан экспорт салоҳиятига эга мамлакат экани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистоннинг барча маҳсулотларини экспорт қилиш учун энг катта потенциалга эга бозорлар Хитой, Россия Федерацияси ва Туркия ҳисобланади. Бугунги кунда Хитойга 674,1 миллион, Россияга 605 миллион, Туркияга 457 миллион ва Қозоғистонга 372 миллион долларли қўшимча экспортни амалга ошириш имконияти мавжуд.

Шунингдек, қизғин баҳс ва мунозаралар тарзида ўтган давра суҳбати давомида иштирокчилар томонидан “Марказий Осиё минтақавий тартибини шакллантиришда — Ўзбекистоннинг роли”, “Ўзбекистоннинг дунё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш”, “Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш” ҳамда “Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорлиги” каби мавзулардаги маърузалар муҳокама қилиниб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида ташқи сиёсат йўналишида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи мутахассислар билан бу каби тадбирларни доимий равишда ўтказиб борилишини йўлга қўйиш ҳамда тўпланган тажрибаларни амалиётга кенг жорий этишга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати