• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА АТРОФ ТАБИИЙ МУҲИТ МОНИТОРИНГИ ДАСТУРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ


2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йуналиши бўлган Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган 2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражаси ҳолатини мунтазам баҳолаш ва прогноз қилишни таъминлаш, корхоналарда атроф-муҳитнинг ифлосланиш манбалари мониторинги ва давлат экологик назоратини ўрнатишга қаратилган қатор устувор вазифалар белгиланган.

Хусусан, Давлат дастурининг 251-бандида Атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражаси ҳолатини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш чоралари кўзда тутилган бўлиб, унга кўра 2021 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит мониторинги дастурини тасдиқлаш вазифаси қўйилган.

Жорий йилнинг 3 июнь куни қабул қилинган “Атроф муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан мазкур банд ижроси таъминланди.

Қарор билан 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳит мониторинги дастури қабул қилинди. Мазкур дастур орқали, сув ресурслари, атмосфера ҳавоси ва тупроқларни ифлослантирувчи манбалар, атмосфера ҳавоси, ер усти ва ер ости сувлари ҳамда ерларнинг ифлосланиши, хавфли экзоген геологик жараёнлар, кўллар экотизимлари ва атроф муҳитнинг трансчегаравий ифлосланиш мониторингларини олиб бориш йўлга қўйилади.

Шунингдек, мазкур ҳужжатда 2021 йил 1 ноябрга қадар Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Гидрометеорология хизмати маркази ва Фанлар академиясига атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги бўйича идоравий электрон ахборот маълумотлар базасининг Ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш вазифаси юклатилди.

Жорий йил якунига қадар эса, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг атроф муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш бўлимлари 8 та мобиль лаборатория, замонавий назорат-ўлчов асбоб-ускуналари ва бошқа жиҳозлар билан таъминланади.

Соғлиқни сақлаш ва Сув хўжалиги вазирликлари ва “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан ичимлик сув ҳавзаларидаги сув сифатини ўрганиш, уларнинг ифлосланишини олдини олиш, ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш чоралари кўрилиб, аҳоли сувдан оммавий фойдаланадиган жойлардаги сув объектларида сувнинг микробиологик ва санитария-кимёвий кўрсаткичлари бўйича узлуксиз кузатувлар йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги суғориладиган ерларнинг шўрланиш даражаси мониторингини юритиш, ерларнинг унумдорлигини баҳолаш ва тупроқ хариталарини тузиш чораларини кўриб, ҳар йили ер ресурслари ҳолати тўғрисида Миллий ҳисобот тайёрлаб нашр этиб боради.

Сув хўжалиги вазирлиги эса, замонавий технологияларни жорий этган ҳолда, ер ости сизот сувлари сифати ва ҳолатини назорат қилиш учун суғориладиган ерларда кузатув тизимини куриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини амалга ошириб, геоахборот технологияларини жорий этган ҳолда, сизот сувлар сатҳи ва шўрланиш даражасининг мелиоратив кадастрини ишлаб чиқади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан давлат ўрмон хўжалиги ва ўрмон-ов хўжалиги ҳудудларида ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси мониторинги юритилиб, унинг натижаларини ҳар чоракда Давлат кадастрлари ягона тизимига киритиб борилади. Гидрометеорология хизмати маркази республикадаги 22 та шаҳар ва бошқа аҳоли пунктларида жойлашган 61 та турғун постларда атмосфера ҳавосининг сифати бўйича кунлик, майда дисперсли заррачалар бўйича ойлик кузатишлар олиб боради.

Бир сўз билан айтганда, Давлат дастуридаги мазкур банднинг ижроси таъминланиши орқали, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш борасида давлат функцияларини амалга оширишда комплекс ёндашув ва стратегик режалар жорий этилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.