• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НУФУЗИ БАЛАНД АНЖУМАНДА ЎЗБЕКИСТОН ВАКИЛЛАРИ ФАОЛ ИШТИРОК ЭТИШДИ


Жорий йилнинг 9-10 июнь кунлари “Тараққиёт стратегияси” марказининг АҚШдаги ҳамкори “Каспий сиёсати маркази” ташаббуси билан Транс-Каспий йўлаги мамлакатларининг стратегик фаоллиги ва фаровонлигини ошириш имкониятлари ва муаммолари муҳокамасига бағишланган видеоконференцалоқа шаклидаги анъанавий 5-форуми бўлиб ўтди. Унда Афғонистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчилари ҳамда АҚШ Давлат департаменти ва Миллий хавфсизлик кенгаши, Савдо вазирлиги, Халқаро тараққиёт агентлиги вакиллари, Транс-Каспий минтақасида жойлашган бир қатор мамлакатлар вазирлари, вазирликлар масъуллари, “ақл марказлари” ва бир қатор бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Икки кун давом этган мазкур нуфузли анжуманда АҚШ Давлат котибининг савдо сиёсати ва музокаралар бўйича ёрдамчисининг иқтисодий ва бизнес масалалари бўйича бюроси, АҚШ Давлат департаменти ходими Мэтт Мюррей, Россия ва Марказий Осиё бўйича катта менежер вазифасини бажарувчи, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши ходими Эрик Грин, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг Европа ва Евроосиё бўйича бюроси ходими Маргот Эллиснинг маърузалари тингланди.

Форумда, шунингдек, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ханиф Атмар, Тожикистон Республикаси иқтисодий ривожланиш ва савдо вазири Завқи Завқизода, Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микайил Жаббаров, Туркия Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Явуз Селим Киран, Грузия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Лаша Дарсалия, Ўзбекистон Республикаси молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Абидходжаевлар ҳам маъруза билан чиқиш қилишди.

Форум иштирокчилари таъкидлашганидек, 2020 йилги коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловларга қарамай, ғарбда Озарбайжон, Арманистон, Грузия ва Туркия ҳамда Каспий денгизининг шарқида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Афғонистондан иборат Транс-Каспий савдо ва транзит йўлаги Eвропа Иттифоқи, Хитой, Ҳиндистон ва Яқин Шарқни боғлаган қуруқликдаги муҳим йўл сифатида долзарб аҳамият касб этди.

Шу боис Каспий денгизи мамлакатлари COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиб, ҳукумат ва хусусий сектор шериклигида иқтисодий ўсиш йўлларини излаб топишлари, инфратузилма ва инновацияларга инвестицияларни жалб қилишга эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқ. Бу эса, нафақат минтақа, балки бутун дунё иқтисодиётини тиклашда устувор аҳамият касб этади. Транс-Каспий мамлакатлари ушбу янги имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодий тараққиётга эришиш ҳаракатидан бўлишлари лозим.

Хусусан, Транс-Каспий йўлаги ташкил этилганидан буён минтақада энергия ташувчилари савдоси ҳам тез суръатларда ўзгариб бормоқда. Шу билан бирга, Трансадриатик газ қувурининг ҳамда Жанубий газ йўлагининг қурилиши якунланиб, Каспий энергетика ресурслари Европа Иттифоқига экспорт қилина бошланди.

– Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида улкан салоҳиятга эга, – деди ўз чиқишида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Шу боис нефть ва газ билан бир қаторда, қуёш, шамол ҳамда гидроэнергетиканинг тараққиёти минтақадаги бозор инфратузилмасини яқин келажакда яхшилаш имконини беради. Шу боис, Ўзбекистонда қайта тикланадиган муқобил энергия манбалари соҳасини ривожлантириш борасида аниқ чора-тадбирларга асосланган салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ўрганилган гидроэнергетика салоҳияти йилига 27,5 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Aйни пайтда мамлакат техник гидроэнергетика имкониятининг атиги 39 фоизидан фойдаланади, холос.

2017 йилдан буён Ўзбекистон ўз тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича миллий Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошқа соҳалар қатори энергетика соҳасини ҳам фаол ислоҳ қилмоқда. Жумладан, иқтисодиётнинг энергия ва ресурслар интенсивлигини камайтириш, энергия тежайдиган ва "яшил" технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан кенгроқ фойдаланишни рағбатлантириш, иқтисодиётда самарадорликни ошириш Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатидаги устувор йўналишлардан ҳисобланади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қатор стратегик ҳужжатлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Қолаверса, 2021 йилги Давлат дастури ҳамда Президентнинг ҳар йили Парламентга йўллайдиган мурожаатларида энергетика соҳасида туб ислоҳотлар зарурлиги бот-бот таъкидланмоқда. Электр энергияси, нефть, газ ва кимё саноатидаги бир нечта давлат компанияларини Жаҳон банки, ЕТТБ, ОТБ каби халқаро молиявий ташкилотлар, McKinsey & Company, Boston Consulting Group, Rothschild & Co ва бошқа дунёга машҳур компаниялар ҳамкорлигида модернизация қилиш, биргаликда янги муқобил энергия ишлаб чиқариш манбаларини яратиш ишларига изчил киришилган.

Ўзбекистонда "яшил" энергетика соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш эса, яқин ўн йил ичида қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш улушини қарийб уч баравар, яъни 25 фоизгача кўпайтириш имконини беради. Ушбу мақсадларга эришиш учун тахминан 10 ГВт қайта тикланадиган энергетика объектларини, шу жумладан, 5 ГВт қуёш, 3 ГВт шамол ва 1,9 ГВт ГЭСларни қуриш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун халқаро молия институтлари маблағлари ва хорижий инвестициялар фаол жалб қилинмоқда.

Бу каби саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон энергетика соҳасидаги монополияга чек қўйиш ҳамда хусусий сектор ва бозор механизмларини жорий этиш йўлида собит эканини намоён этади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Абидходжаев ўз маърузасида форум иштирокчилари эътиборини мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамли иқтисодиётга инновацияларни жорий этиш масалаларига қаратди ҳамда Ўзбекистонда қашшоқликни камайтириш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги саволларга жавоб қайтарди.

Форумнинг биринчи кунидаги муҳокамаларда иштирок этган экспертлар Транс-Каспий йўлагининг қўшни минтақаларни бир бирига боғловчи кўприк сифатидаги муваффақияти, товарларни минтақанинг хилма-хил географияси бўйлаб ўтказиш учун мультимодал транспорт марказлари зарур экани, ҳукуматлар янги лойиҳаларни бошлаш учун зарур бўлган катта маблағларни жалб қиладиган инвестиция муҳитини яратиш устида иш олиб боришлари лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, форумнинг иккинчи кунидаги Транс-Каспий алоқалари ва инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган муҳокамаларда Каспий минтақаси дунёдаги энг кам ички боғланган минтақалардан бири ҳисобланиши ва савдо-сотиқ ҳамда бошқа алоқаларни кенгайтириш учун ишончли шарқ-ғарбий транзит йўлларини ташкил этишга киритилаётган сармоялар ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Минтақа мамлакатларининг Марказий Осиёни Жанубий Кавказ билан боғлайдиган ва ҳаётий инфратузилмани модернизация қиладиган янги транзит йўналишларини ишлаб чиқиши, ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини излаб топиши жуда муҳим экани қайд этилди.

Қизғин баҳс ва савол-жавоб тарзида бўлиб ўтган икки кунлик форум якунида Транс-Каспий алоқаси ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Буюк Каспий минтақасини келажакда янада ривожлантира оладиган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва ушбу саъй-ҳаракатларга хусусий секторни жалб қилиш жараёнини енгиллаштириш бўйича хорижий тажриба ва халқаро амалиётдан келиб чиқиб, таклиф-тавсиялар билдирилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати