• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ДАВЛАТ ДАСТУРИ АМАЛДА: ЕРГА ОИД МУНОСАБАТЛАРДА ШАФФОФЛИК ТАЪМИНЛАНАДИ


Сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг 120-бандида ҳам қишлоқ хўжалигида ер муносабатлари бўйича ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ерларни бозор активларига айлантириш ҳамда ер участкаларини ижара ҳуқуқи билан фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш борасидаги чора-тадбирлар белгиланган.

Жорий йилнинг 8 июнь куни қабул қилинган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан Давлат дастурининг 120-бандида белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминланди.

Мазкур ҳужжат билан ерни бозор активига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини белгилаш ва молиявий оборотга киритиш бўйича ишларни жадаллаштириш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Шунингдек, мазкур фармон соҳада тенглик, шаффофлик ва бозор муносабатларини таъминлаб, мулкка доир ҳуқуқларни ишончли кафолатланишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши тартиби жорий қилинмоқда.

Фақатгина қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига ҳамда энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун – лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилган тақдирда, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан ер майдони ажратилиши мумкин.

Шу билан бирга, 2021 йил 1 августдан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш борасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари тугатилмоқда. Шунингдек, мазкур санадан бошлаб, давлат ҳокимияти органларига ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш ҳам тақиқланади.

Ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш, ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш борасидаги таклифларни мувофиқлаштириб борувчи Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

Умуман, мазкур Фармонда белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, ердан оқилона фойдаланиш орқали халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида бошланган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади. Ер билан боғлиқ муносабатлардаги коррупцион ҳолатларнинг ҳам олди олинади. Натижада, ердан фойдаланиш борасида барча учун шаффоф бўлган тизим йўлга қўйилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати