• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НАВБАТДАГИ МАНЗИЛ – «MARMARA GROUP» СТРАТЕГИК ВА ИЖТИМОИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ФОНДИ


Туркиядаги «Marmara Group» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди дунёдаги нуфузи баланд ва таниқли «Ақл марказлари» қаторида туради. Мазкур муассаса 20 йилдан зиёд вақт мобайнида жаҳондаги етакчи давлат арбоблари, ҳукумат мансабдорлари, парламент аъзолари, академик ва аналитик доира раислари ва бошқа нодавлат ташкилотлари билан ишлаб келмоқда.

Фонд долзарб муаммоларга бағишланган семинарлар, конференциялар ва учрашувлар ташкил этади, ўтказилган стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар асосида таҳлил ва ҳисоботлар тайёрлайди. Фонднинг таҳлил ва ҳисоботлари Туркиянинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон доиралари ва Анқарада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, шунингдек Истанбулда жойлашган 15 дан ортиқ халқаро ташкилотларга тарқатилади.

«Marmara Group» фондининг йирик лойиҳалари қаторидан глобал энергетика хавфсизлиги, туркий мамлакатлар ва минтақаларнинг сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлиги, шунингдек халқаро ҳамкорликнинг бошқа масалалари муҳокама қилинадиган йиллик таҳлилий саммитлар ўрин олган.

Хусусан, ташкилот ҳар йили иштирокчи мамлакатларнинг икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларини мустаҳкамлаш ва фикр алмашишга қаратилган «Евроосиё иқтисодий саммити»ни ўтказиб келади. Саммит якуний ҳужжатларни имзолаш ёки ҳукумат қарорларини қабул қилишни назарда тутмайди.

Нодавлат ташкилот сифатида «Marmara Group» фонди ЕХҲТ аккредитациясига, Қора денгиз иқтисодий ҳамкорлигининг Парламент Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга, ЮНЕСКОнинг «Маданиятлараро мулоқот дастури» бўйича мулоқот ҳамкори ҳисобланади.

Туркия Республикасига ташриф доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси аъзолари мазкур ташкилотнинг бош қароргоҳида бўлишди.

«Marmara Group» стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди бош директори, доктор Аккан Сувер Ўзбекистондаги ўзгаришларни қизиқиш билан кузатиб бораётганини, айниқса, сўнгги тўрт йил ичида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар мамлакатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги рейтингини юксалтириб, дунё миқёсида демократик давлат сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаганини таъкидлади. Хусусан, доктор Аккан Сувер Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг бугунги кундаги жадал ривожи, икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга чиққанини мамнуният билан эътироф этди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков илиқ ва самимий қабул учун жаноб Аккан Суверга миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Туркия алоҳида ўрин тутишини, халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бераётганини қайд этиб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.

Учрашувда томонлар «Marmara Group» фонди ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида икки давлат манфаатларига хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиб бориш истиқболларини муҳокама қилишди. Бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.