• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТУРК ИШБИЛАРМОН ДОИРАЛАРИ БИЛАН МУЛОҚОТ


“Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси аъзолари
Туркия Республикасига ишчи ташриф доирасида қатор ташкилотларда бўлиб, самарали мулоқотларни давом эттиришмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон вакиллари Туркиянинг “Çalık Holding” (“Чалик Холдинг”) компаниялари гуруҳи раҳбарияти ҳамда Истанбулдаги ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашишди.

1981 йилда ташкил этилган мазкур компания энергетика, қурилиш, тоғ-кон ва тўқимачилик саноати, молия, телекоммуникация ва рақамли технологиялар каби кўп қиррали соҳаларда самарали фаолият юритиб келмоқда. Компания Марказий Осиё, Болқон, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақаларини ўз ичига олган дунёнинг 31 мамлакатида иш олиб боради.

Шу билан бирга, “Çalık Holding” турли инновацион бизнес моделларини ишлаб чиқади ҳамда ишбилармон доиралар учун новаторлик лойиҳаларини амалга оширади.

Учрашувда «Çalik Holding» компаниялари гуруҳи бошқаруви раиси Ахмет Чалик бугунги кунда Ўзбекистонда шакллантирилган қулай бизнес муҳити, хорижий инвесторларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлар туркиялик ишбилармонларнинг ҳам қизиқишини ошираётганига эътибор қаратди. Мазкур имкониятлардан унумли фойдаланиб, Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўяётган турк ишбилармонлари тиббиёт, таълим, машинасозлик каби соҳаларга инвестиция киритиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш орқали юқори саноатлашган маҳсулотлар ишлаб чиқариб, учинчи давлатларга экспорт қилишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, ўзаро мулоқотлар чоғида туркиялик ишбилармонлар томонидан бугунги кунда Туркия компаниялари Ўзбекистонда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда муваффақиятли фаолият юритишаётгани, бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, турк қардошларимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар таълим-тарбияси ва келажаги йўлида олиб бораётган изчил сиёсатини эътироф этиб, Ўзбекистон раҳбарининг БМТ минбаридан туриб илгари сурган Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий сармоядорлар учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш, хусусан, Туркия билан тобора ривожланиб бораётган савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболи ҳақида тўхталди.

Хусусан, Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўзаро ишонч ва икки томонлама тенг манфаатларга асосланган ҳамкорик натижасида охирги йилларда Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги савдо ҳажми икки баробардан зиёдга ортгани, қўшма ширкатлар сони салкам мингтага кўпайгани, транспортда ташиш ишлари жадал кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Учрашув якунида бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада ривожлантириш, ҳажми ва кўламини кенгайтириш юзасидан ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириб боришга келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.