• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси билан самарали учрашув


Жорий йил 9 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи “ақл марказлари” ҳамда халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт дастурларини амалга оширувчи ташкилотлари билан қатор учрашувлар ўтказди. Хусусан, ана шундай нуфузли учрашувлардан бири Туркиянинг Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси вакиллари билан ташкил этилди.

Ўзаро мулоқотда Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси (YTB) раис ўринбосари Сайид Юсуф сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши натижасида мазкур ташкилотнинг ҳам Ўзбекистондаги турли вазирлик ва идоралар, тадқиқот марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Хусусан, глобал пандемия даврида YTB томонидан хорижлик талабаларга ажратилаётган грантлар сони камайтирилган бўлса-да, аксинча, ўзбекистонлик талабалар учун сезиларли равишда оширилганини кўриш мумкин. Бугунги кунга келиб, ташкилот орқали қарийб 2 минг нафарга яқин ўзбекистонлик талаба Туркияда грант асосида муваффақиятли таҳсил олишган.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида, жумладан, таълим тизимида эришилаётган натижалар ва амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, илғор хорижий тажриба, хусусан, Туркия тажрибаси мактабгача таълим, халқ таълими, профессионал ва олий таълим тизимида замонавий илм-фан ютуқларини жорий қилишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси учун Хориждаги турклар ва қардош жамоалар бошқармаси (YTB)нинг хориждаги турк диаспоралари ва ватандошлари билан ишлаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Туркия билан алоқа ришталарини сақлаб қолиш бўйича тўпланган тажрибага бағишланган тақдимот ўтказилди. Ўз навбатида, Марказ жамоаси томонидан мазкур тажриба алмашинуви чет эл давлатларида яшаётган, таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда, улар билан самарали фаолиятни йўлга қўйишда ижобий натижа бериши таъкидланди.

Самимий ва дўстона мулоқот руҳида ўтган учрашув якунида томонлар ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли соҳаларда тегишли вазирлик ва идоралардан мутахассисларни жалб қилган ҳолда конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил қилишга келишиб олишди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати