• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

АНҚАРАДАГИ “СОҲИБҚИРОН” НОМИДАГИ СТРАТЕГИК ТАДҚИҚОТЛАР МАРКАЗИ (SASAM) БИЛАН МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ


“Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази (SASAM)
2012 йил 1 декабрда Анқара шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур мустақил фикр маркази турли масалалар бўйича тадқиқотлар ва экспертизалар ўтказиш йўли билан уларга ечимлар ишлаб чиқиш, ушбу таклифларни нашр этиш, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш учун миллий ва халқаро лойиҳаларни амалга ошириш ёки амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этиш, семинарлар, конференциялар ташкил этиш орқали фуқароларнинг турли жараёнлардан хабардорлигини ошириш ишлари билан шуғулланиб келади.

Жорий йилнинг 10 июль куни Элдор Туляков раҳбарлигидаги “Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси аъзолари мазкур ташкилотда меҳмон бўлишди.

“Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Масъуд Эмре Каракўсе ташкилот эксперт ва ёш тадқиқотчиларининг илмий қизиқишлари асосан Ўзбекистон тарихи, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва ташқи сиёсати каби соҳаларни қамраб олганлиги сабабли, марказ ўз номини соҳибқирон Амир Темур номидан олганини таъкидлади.

Жаноб Каракўсе, шунингдек, Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг тараққиёт одимлари, айниқса, 2017 йилдан бошлаб кузатилаётган салмоқли ўзгаришлар, хусусан, денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқлигига қарамасдан, мамлакат ташқи сиёсат борасида фаол олға силжиб, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантириш мумкинлигини бутун дунёга исботлаётганини алоҳида эътироф этди.

Учрашувда томонлар ҳар икки давлатнинг нуфузли “ақл марказлари” билан кенг кўламли ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш нафақат илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, балки Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги дўстона ва стратегик муносабатларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Шундан келиб чиқиб, барча соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш, билимларни узатиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, стажёр ва экспертлар алмашинуви каби мавзулар муҳокама қилинди.

Тадбирда, шунингдек, “Соҳибқирон” марказининг ходимлари, ёш тадқиқотчилари ҳамда маҳаллий ва хорижлик талабалардан иборат стажёрлар иштирокидаги давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Янги Ўзбекистон ва БМТ – конструктив ҳамкорлик” мавзусида тақдимот ўтказди. Маърузада 2017 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеясининг 72- ва 75-сессияларида Ўзбекистон Президенти минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб мавзуларда қатор ташаббусларни илгари сургани ва уларнинг аксарияти, хусусан, “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш”, “Маърифат ва диний бағрикенглик”, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюциялари қабул қилингани ва “Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди” ташкил этилгани, бу, ўз навбатида, халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилгани таъкидлаб ўтилди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда янги босқичда олиб боилаётган ислоҳотлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар олишди.

Учрашув якунида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва “Соҳибқирон” номидаги Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Масъуд Эмре Каракўсе ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда турли конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ташкил қилиш, таҳлилий мақолаларни эълон қилиш ва бошқа долзарб масалаларда ҳамкорлик бўйича Англашув Меморандумини имзолашди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати