• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТУРКИЯДА ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАЛАРИ ҲАҚИДА ТАҚДИМОТ ЎТКАЗИЛДИ


Нуфузли академиклар, эксперт-мутахассислар, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик вакиллари ва бошқа зиёлиларни ўзида жамлаган Туркиянинг етакчи “ақл маркази” – Инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази – ANKASAM Европа ва Осиё минтақаси билан боғлиқ ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги долзарб муаммоларни таҳлил қилиб, мазкур масалаларга бағишланган халқаро семинарлар, конференциялар ва учрашувлар ташкил этади, ўз хулосаларини ишлаб чиқади.

Айни вақтда ушбу ташкилот доирасида Осиё-Тинч океани, Марказий Осиё, Россия-Кавказ ва “АФ-ПАК” каби тўртта минтақавий институт фаолият кўрсатмоқда. Ушбу муассасалар томонидан Осиё минтақаси билан боғлиқ сиёсий ва ижтимоий инқирозлар таҳлил этилиб, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази делегацияси Туркия Республикасига ишчи ташрифи чоғида ANKASAM ташкилотида ҳам бўлди. Делегация аъзолари Марказ раҳбари Меҳмет Сейфеттин Эрол билан учрашишди.

Меҳмет Сейфеттин Эрол меҳмонларни Туркия заминида қутлар экан, Марказий Осиёда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришлар диққат билан кузатиб борилаётганини таъкидлади. Хусусан, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган самарали ташқи сиёсат, самарали ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасининг жаҳон ҳамжамиятидаги рейтинги юқорилашига, савдо-иқтисодий алоқалар юксалишига катта ҳисса қўшаётганини мамнуният билан эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг бугунги кундаги жадал ривожи икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм, транспорт, логистика, фан-таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга кўтарилишида муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Ўз навбатида, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков илиқ ва самимий қабул учун жаноб Меҳмет Эролга самимий миннатдорлик билдириб, бугунги кунда Ўзбекистон томонидан халқаро майдонда илгари сурилаётган минтақавий ва глобал аҳамиятга эга ташаббусларни Туркия давлати фаол қўллаб-қувватлаб келаётганини эътироф этди.

Учрашув доирасида ANKASAM маркази ходимлари учун Ўзбекистон делегацияси раҳбари Элдор Туляков “Янги Ўзбекистон: кенг қамровли ички ва проактив ташқи сиёсат” мавзусида тақдимот ўтказиб, Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар туфайли эришилаётган натижалар, Ўзбек дипломатиясининг фаол ташқи сиёсати тўғрисида батафсил маълумот берди.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Инқироз ва сиёсат масалалари бўйича тадқиқотлар маркази – ANKASAM ўртасида ўзаро Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Томонлар келгусида икки томонлама муносабатлар ривожига хизмат қилувчи қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олишди.

Умуман олганда, жорий йилнинг 6-10 июль кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Туркия Республикасига ишчи ташрифи доирасида Туркиянинг қатор ижтимоий-иқтисодий таҳлил ва тадқиқот институтлари, дунёнинг Топ – 1000 талигига кирувчи олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилот, муассасалар вакиллари билан ўтказган мулоқотлари амалий натижаларга бой бўлди. Мулоқот ва конференциялар доирасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда икки мамлакат ва минтақалар ривожига ҳисса қўшувчи қўшма янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Жумладан, 15 га яқин “Ақл марказлари” ҳамда олий таълим муассалаларига ташриф буюрилиб, ўзаро Ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди, келгусида амалга ошириладиган ишлар бўйича “Йўл хариталари” ишлаб чиқилиши келишиб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати.