• Ўзбек
  • Давлат дастури 2021
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОН: БОСИБ ЎТИЛГАН ЙЎЛ ВА УСТУВОР ВАЗИФАЛАР
429 | 26 Авг. 2021 й.

Элдор Туляков,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
ижрочи директори

 

Сўнгги кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг мамлакатнинг етакчи ижтимоий-сиёсий нашрларидан бири бўлмиш  «Янги Ўзбекистон» газетасида чоп этилган суҳбати маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

Суҳбат чоғида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон томонидан сўнгги 5 йил ичида босиб ўтилган йўл, ички ва ташқи сиёсат, хоссатан жамият ва мамлакатимизни ривожлантиришга қаратилган долзарб устувор йўналишлар ҳақида сўзлаб берди, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари ҳаётидаги муҳим муаммоларга ҳам ўз шахсий муносабатини билдириб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз журналистнинг саволларига жавоб бера туриб, мавжуд муаммоларни яширмаган ҳолда кўплаб фактлардан фойдалангани таҳсинга сазовор. Шу тариқа, давлатимиз раҳбари жойлардаги амалга оширилаётган ишларнинг ҳақиқий аҳволини чуқур билим ва тушунчалари орқали таҳлил қила олишини намойиш этди.

Суҳбат давомида Президентимиз кучли давлат қуриш ва етук жамият барпо этиш барча ютуқларнинг асосини ташкил этишини, бу эса, бевосита Конституция негизида барпо қилинишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари асосий мақсади кўп миллатли халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг умумэътироф этилган нормалари ва тамойилларига қатъий риоя қилиш, халқаро ҳамжамият билан дўстлик ва ҳамкорлик тамойилларига таянган ҳолда, «Янги Ўзбекистон»ни тиклаш бўйича танланган йўлнинг мазмун-моҳиятини батафсил баён этди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистон»нинг иқтисодий тизими бутунлай қайта қурилмоқда ва қанчалик оғир бўлмасин, бозор механизмларини амалиётга тадбиқ этиш жараёни бошлаб юборилди. Хусусан, пластик карталардаги пул маблағларини банкоматлар орқали нақдлаштириш, миллий валютанинг «қора бозор» ва банклар орасидаги турли курслари, чет эл валютасини харид қилиш, фуқароликни олиш, Ўзбекистоннинг исталган ҳудудида уй-жой ва мол-мулк сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд муаммолар бугунги кунга келиб ўтмишга айланди.

Одатда, мамлакат аҳолисининг турмуш даражасидаги ўзгаришлар ҳақида cўз борганда, амалга оширилган ишлар ва ўзгаришлар эсга олинади. Жумладан, энг эътиборли жиҳати, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кам таъминланган оилаларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида «темир дафтар», «аёллар дафтари», «ёшлар дафтари» каби самарали тизимлар жорий этилди, бунда муаммолар аллақандай мавҳум кўрсаткичлар асосида эмас, балки ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган ҳар бир оила, хотин-қиз ва ёшларнинг муаммоларидан келиб чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Шу ўринда, мамлакатни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари томонидан қуйидаги устувор йўналишлар алоҳида эътироф қилинди:

Биринчи устувор вазифа – фаровонлик ва турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, даромад манбалари, камбағалликни қисқартириш, шаҳар ва қишлоқларни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий сиёсат;

Иккинчи устувор вазифа – ўсиш нуқталарини аниқлаш, янги Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш;

Учинчи устувор вазифа – пандемия ва унинг оқибатида юзага келган глобал иқтисодий инқироз шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш;

Тўртинчи устувор вазифа – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аграр соҳани замон талабларига мувофиқ тарзда ривожлантириш.

Бешинчи устувор вазифа – аҳоли саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш;

Олтинчи устувор вазифа – маънавий-маърифий ишларга эътибор қаратиш.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, давлатимиз раҳбари билан бўлган мулоқот чоғида ўртага ташланган фикр-мулоҳазалар таҳлил қилинадиган бўлса, унда президентимиз томонидан мамлакатимиз аҳолисини қийнаб келаётган кўплаб долзарб муаммоларга тўхталиб ўтилди ва бир қатор ечимлар тақдим этилди, шу билан бирга, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари эътироф қилинди. Ушбу суҳбатда давлатимиз раҳбари яна бир бор ўзининг мустаҳкам иродаси намоён этиши билан биргаликда, миллионлаб инсонларнинг ишончини оқлаб келаётган ишларга содиқлигини исботлади.

 


0
Похожие новости