• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон-Россия муносабатларининг ривожланиш истиқболлари белгилаб олинди


2021 йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари»
мавзусида конференция бўлиб ўтди. Конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) ҳамда «Валдай» халқаро мунозара клуби томонидан ташкил этилди.

Форум СМТИ ва «Валдай» халқаро мунозара клуби ҳомийлигида 2019 йилда Самарқандда «Марказий Осиё ва Евроосиё: глобал тартибсизлик муаммолари олдида кўп томонлама ҳамкорлик» мавзусида биргаликда ташкил этилган Х Осиё конференцияси ва «Россия – Ўзбекистон: янги дунё тартиботи шароитида икки томонлама ўзаро муносабатларнинг истиқболлари» махсус сессияси доирасида бошланган ўзбекистонлик ва россиялик экспертлар мулоқотининг мантиқий давоми сифатида ўтказилди.

Анжуманда икки мамлакатнинг юқори мартабали вакиллари, жумладан Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарход Арзиев, Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко ҳамда икки томонлама муносабатлар бўйича етакчи халқаро мутахассислар, «Валдай» халқаро мунозаралар клубининг сиёсатшунослик, иқтисодиёт, хавфсизлик соҳасидаги нуфузли экспертлари, Россия ва Ўзбекистондаги етакчи оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир доирасида иштирокчилар томонидан «Сиёсат, иқтисодиёт, хавфсизлик, маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари», «Ўзбекистондаги ислоҳотлар, уларнинг Марказий Осиё барқарор ривожланишига таъсири, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликка доир хавф ва таҳдидлар соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишлари» ҳамда «Марказий Евроосиёда халқаро савдо ва интеграцияни ривожлантириш масалалари, шунингдек Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш учун истиқболли ўсиш нуқталари ва ҳаракатлантирувчи омиллар» мавзулари бўйича экспертларнинг фикрлари тингланди.

Жумладан, тадбирда Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, СМТИ директори Элдор Арипов, Марказий Осиё халқаро институти директори Анвар Носиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев, Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаев ва бошқа экспертлар сўзга чиқди.

Шунингдек, «Валдай» халқаро мунозара клуби Ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаши раиси Андрей Быстрицкий, «Валдай» жамғармасининг тадқиқот ишлари бўйича директори, Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш президиуми раиси, «Халқаро шарҳ» дастури муаллифи ва бошловчиси Фёдор Лукьянов, «Валдай» клуби дастур директори Тимофей Бордачев, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти Евроосиё тадқиқотлари маркази директори Иван Сафранчук, Россия Федерацияси «Иқтисодиёт олий мактаби» Миллий тадқиқот университети Европа ва халқаро кенг қамровли тадқиқотлар маркази директорининг ўринбосари Василий Кашин ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги сиёсий ва дипломатик алоқалар ҳақиқий ишончли иттифоқчилик ва стратегик шериклик хусусиятига эга бўлиб бормоқда. 2021 йилнинг биринчи ярмида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 3,7 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоизга ошган. Охирги уч йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги корхоналар сони 915 тадан деярли 2,2 мингтага етган. 2021 йилнинг биринчи ярмида Россия капитали иштирокидаги 240 та янги корхона ишга туширилди. 2019–2024 йилларга мўлжалланган Иқтисодий ҳамкорлик дастури, шунингдек қиймати 25 миллиард долларга тенг 800 дан ортиқ савдо-сармоявий битим ва меморандумлар доирасида фаол ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Конференция доирасида «Валдай» клуби СМТИ кўмагида, клуб ва РФ Олий иқтисодиёт мактабининг бир гуруҳ нуфузли экспертлари томонидан тайёрланган «Евроосиёнинг темир устуни: ютуқлар, муаммолар ва минтақавий боғлиқлик истиқболлари» номли янги тўпламини тақдим этди.

Тақдимотда Осиё, Марказий Осиё, Россия ва Европа ўртасидаги қуруқлик савдосини кенгайтиришнинг муҳим шарти сифатида темир йўл алоқаларига асосланган Евроосиёнинг транспорт-логистика тизимини ривожлантириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича, темир йўл тармоғи Буюк Евроосиё боғланишларининг ва глобал муаммоларга чидамлилигининг энг муҳим омилига айланади. Шу билан бирга, Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк ролини ўйнайди, янги йўлакларнинг транзит марказига ва динамик ривожланаётган минтақага айланади.

Хусусан, Ўзбекистоннинг мамлакат ва минтақанинг транспорт-коммуникация салоҳиятини очиш, шунингдек Мозори Шариф – Қобул – Пешовар ва Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш каби минтақавий алоқаларни яхшилаш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.

Биргина 2020 йилда пандемия даврининг ўзида Ўзбекистон ва Россия ўртасида темир йўл орқали юк ташиш ҳажми 8,8 миллион тоннани ташкил этди, бу 2019 йилга нисбатан 27 фоизга кўп, автомобил транспортида юк ташиш ҳажми эса 28 фоизга ошиб, жорий йилнинг биринчи ярмида 1,9 миллион тонна ташкил этган.

2021 йил сўнгига қадар «Валдай» клуби томонидан Россиянинг охирги 30 йил мобайнида постсовет ҳудудига нисбатан сиёсати тўғрисида тўплам чоп этилиши режалаштирилмоқда. Тошкентдаги анжуман ушбу китобни якунлаш учун энг муҳим интеллектуал манбалардан бири бўлиб хизмат қилади.

Тадбир якунида россиялик мутахассислар Тошкент шаҳридаги Технопарк ва ИТ-мактаб фаолияти билан яқиндан танишиб, Ғалаба боғи ҳамда пойтахтнинг маданий, тарихий ва меъморий обидаларига ташриф буюришди.

Манба: isrs.uz