• Ўзбек
  • Давлат дастури
"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда


Жорий йилнинг 23 сентябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури ҳамкорлигида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланиши учун ҳуқуқий муҳит” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, “Тараққиёт стратегияси” маркази, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури экспертлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш бўйича қонунчилик ташаббусларига фуқаролик жамиятини янада фаол жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда ушбу йўналишда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Жумладан, сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, 2021 — 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланиб, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш вазифалари белгилаб олинди.

Ўтган вақт давомида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди. Яратилган ҳуқуқий асослар натижасида, мамлакатда ННТларнинг эркин ва барқарор ривожланиши янада жадаллашди. Хусусан, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикада 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январга келиб уларнинг сони 2585 тага, 2016 йил 1 январь ҳолатига кўра эса – 8417 тага, ҳозирга кунда эса 9200 га яқинни ташкил этмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг сони 64,5 фоизга ошгани эса, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасини яққол намоён этмоқда.

Шу билан бирга, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиш, давлат билан улар ўртасидаги кўприк вазифасини бажаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ташкил қилинди. Шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот олиб боришнинг янги самарали воситаларини жорий этиш мақсадида давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбир доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан мамлакатда фаолият кўрсатаётган халқаро даражадаги ННТлар фаолияти юзасидан ҳам атрофлича маълумот бериб ўтилди.

— ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб олинган вазифаларнинг ўз вақтида ҳаётимизга тадбиқ этилиши натижасида бугунги кунга келиб, ижтимоий адолатни қарор топтириш учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи ННТлар сафи кенгайиб бормоқда. Натижада мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида жонланиш кузатилмоқда.

Ўзбекистонда БМТнинг Ривожланиш Дастурлари асосида ўнлаб хорижий нодавлат ташкилотлар ўз ваколатхоналари ва бошқа вакиллик идоралари фаолиятини йўлга қўйганини эътироф этиш лозим. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), Халқаро ривожланиш бўйича АҚШ агентлиги, Конрад Аденуэр ва Фридрих Эберт жамғармалари, Халқаро ҳамкорлик бўйича Корейс агентлиги, Ривожланиш ва ҳамкорлик бўйича Туркия агентлиги, Халқаро ҳамкорлик бўйича Япония агентлиги каби 50 га яқин хорижий мамлакатлар ННТларининг ваколахоналари шулар жумласидандир.

Айни кунларда, қонун устуворлигига эришида фуқаролик жамияти вакилларининг жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида, шу билан бирга Давлат дастурларини амалга оширишда фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ислоҳотлар баъзасини янада такомиллаштириш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ва уларнинг қонун устуворлигини яратишга қаратилган ННТлар фаолиятини тартибга солувчи кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Қизғин бахс мунозаралар шаклида бўлиб ўтган тадбир якунида иштирокчилар томонидан давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида самарали ва конструктив мулоқот механизмларини ўрнатишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг таклифлари ва эҳтиёжларини тизимли ўрганиш ҳамда жамиятдаги долзарб муаммолар бўйича фикр алмашиш учун самарали мулоқот майдончаларини яратиш зарурлиги белгилаб олинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати