• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ БАРПО ЭТИШДА ТАЪЛИМ ВА ФАН ТАРАҚҚИЁТИ
14149 | 19 Окт. 2021 й.


Бозор иқтисодиёти шароитида демократик қадриятларни ривожлантириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида инсон иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг фаол субъекти сифатида фаолият кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, ёш авлодни бутун ҳаёти давомида ўрганиш ва таълим олиш қобилияти билан қуроллантириш зарурлигини кўрсатади. Узлуксиз таълим ижодий, ижтимоий фаол ҳамда маънавий бой шахсни шакллантириш учун зарур шарт-шароитларни яратади. Узлуксиз таълимнинг ягона тизимида эса, мактабга тайёргарлик муҳим ўрин тутади.

Илмий тадқиқотлар натижалари, инсон ўз умри давомида ўзлаштирадиган барча ахборот ва маълумотларнинг қарийб 70 фоизини 5 ёшга бўлган даврда эгаллашини тасдиқлади. Мазкур омил узлуксиз таълимнинг ягона тизимининг асосий бўғини сифатида мактабгача таълимнинг аҳамиятини белгилайди.

Бироқ, Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмасидан аввал мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилмаган эди. 2017 йилга келиб вазият буткул ўзгарди. Хусусан, Ўзбекистон раҳбарининг «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»[1]ги Фармон ва «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»[2]ги Қарорига мувофиқ мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Мактабгача таълимни ҳам анъанавий, ҳам буткул янги шаклларда ривожлантириш давлатнинг асосий устувор вазифаларидан бирига айланди. Хусусан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида 96 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – шундан 3 та Фармон ва 19 та Президент қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 44 та қарори ва 8 та фармойиши, 13 та идоравий ва 7 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, алоҳида ривожланган давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, нодавлат таълим муассасалари, жумладан нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришга ҳам катта аҳамият қаратилмоқда[3].

Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва янги боғчаларни қуриш учун 2017–2021[4] йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш Дастури ҳамда 2030 йилга қадар мактабгача таълим билан қамров даражасини 80,8 фоизга етказиш мақсад қилинган мактабгача таълим тизимини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 27,7 фоиздан 62,4 фоизгача, МТТлар сони 5211 тадан 19316 тага, бюджетдан ажратилган маблағларнинг 3,7 бараварга ва давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг иш ҳақи 668,4 минг сўмдан 1324,0 минг сўмгача ўсиши таъминланди.    

Ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқлари қаторида ўрта таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, халқ таълими тизимини ривожлантиришга қаратилган Президентнинг 17 та Фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 44 та қарори қабул қилинди.

Хусусан, Давлат раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда, узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш тизимини яратиш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш, таълим хизматлари сифатини яхшилаш, халқ таълими соҳасига замонавий АКТ ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш, коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмини яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш кабилар ривожланишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Президент мактаблари (М.Улуғбек ва М.Хоразмий номидаги), махсус иқтидорли болалар мактаблари, ижод мактаблари (Ҳ.Олимжон, Зулфия, Э.Воҳидов, А.Орипов, И.Юсупов, И.Ибрат, М.Юсуф, Ҳ.Худойбердиева номидаги) ва «Темурбеклар мактаби» ташкил этилди.

Халқ таълимини ислоҳ қилиш жараёнида ўрта мактаб ўқитувчиларининг иш ҳақи 3 баробарга оширилди, шунингдек мактабларга малакали мутахассисларни жалб қилишга эришилди, яъни 2016/2017 ўқув йилида олий маълумотли ўқитувчиларнинг улуши 81,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида ушбу кўрсаткич 87,8 фоизга етди. Кенг жамоатчилик ва ота-оналарнинг фикр-мулоҳазалари асосида юртимизда 11 йиллик мажбурий мактаб таълими қайта жорий этилди.

Иш юкламаси мақбуллаштирилиб, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш амалиёти бекор қилинди. Олис туманларда фаолият юритаётган педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш, уларга ҳар ойда 50% миқдорида қўшимча устама ҳақ тўлаш бўйича аниқ мезонлар белгиланди. Шунингдек, мактаб ўқитувчиларининг меҳнатини рағбатлантириш мақсадида уй-жой, автотранспорт, маиший техника воситалари ва бошқалар учун имтиёзли кредитлар бериш амалиёти жорий этилди. Таълим-тарбия ишларини самарали олиб боришда эркак ўқитувчиларнинг алоҳида ўрни ва таъсири борлиги ҳисобга олиниб, кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида 44 минг нафардан ортиқ эркак ўқитувчи халқ таълими тизимига қайтди.

Халқ таълими тизимига АКТни жорий этиш бўйича истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида, 10 181 та умумтаълим мактабидан 9 114 тасининг кенг полосали Интернетга уланиши таъминланди, 4 715 та мактабда компьютер синф хоналарига локал тармоқ ҳамда ўқитувчилар хонасига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилди, 2 998 дан ортиқ мактабда Kundalik.com электрон журнал тизими жорий этилди. Ҳозирги кунда 190 963 нафар ўқитувчи ва 2,3 млн. нафар ўқувчи ушбу электрон тизимдан фойдаланиб келмоқда.

Мамлакатимизда ёшларга сифатли олий таълим бериш,  тараққиёт билан ҳамқадам бўлиб келаётган мутахассисларни тайёрлаш борасида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, аввало қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Сўнгги 5 йил давомида олий таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида 12 та Президент фармони, 65 та Президент қарори, 169 та Вазирлар Маҳкамаси қарори, 66 та идоравий ҳужжатлар, 1 та қонун, жами 313 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Мамлакатда олий таълим тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологиялари асосида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси[5] тасдиқланди ва у ҳозирги кунда амалга ошириб келинмоқда.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида республикада сўнгги 3 йилда олий таълим муассасалари сони 132 тага етказилди (2016 йилда 77 та), улардан 99 таси маҳаллий ҳамда 33 таси хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари ҳисобланади. Қабул квотаси 66 мингдан 181 мингтага оширилди. Олий таълим муассасаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Хорижий мамлакатлар билан қўшма таълим дастурлари доирасида 64 та янги касб бўйича мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Профессор-ўқитувчиларнинг маоши ўртача 3,5 бараварга оширилди.

Банд бўлган аҳолига олий маълумот олиш учун қулайликлар яратиш мақсадида олий таълим муассасаларининг 71 тасида сиртқи ва 18 тасида кечки таълим шакллари йўлга қўйилди. Олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар сонининг 2,2 баробарга ошишига эришилди (агар 2016 йилда 268,3 минг талаба таҳсил олган бўлса, 2020 йилда 590,1 минг талаба таҳсил олмоқда).

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби илм-фан ва инновацион ривожланиш соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ушбу соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилмоқда:

илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишни назарда тутувчи 2017–2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тасдиқланди[6];

республикада инновацион ва илмий-техник ривожлантириш соҳасида жамият ва давлат ҳаётини ҳар томонлама  ривожлантиришга, мамлакатнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди[7];

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакат қаторига киришига қаратилган  2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинди[8];

мамлакатда инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи «Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун қабул қилинди[9];

илм-фан ва илмий фаолиятни ривожлантириш ва истиқболда уни мунтазам ислоҳ қилиб боришнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, замонавий инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал тадбиқ қилишни ривожлантириш мақсадида  «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси» қабул қилинди[10].

Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар илм-фан ва инновацияларда кўплаб камчиликларни бартараф этди, натижада Глобал инновация индекси (Global Innovation Index) ҳисоботи натижасига кўра, республика рейтинги 29 позицияга яхшиланди ва 131 мамлакат орасида 93-ўринни эгаллади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг замонавий босқичи жамиятнинг сиёсий, иқтисодий ҳаёти, ижтимоий соҳасини чуқур ислоҳ қилиш жараёнларини амалга ошириш билан боғлиқ, фан ва таълим эса мамлакатимиз иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиётининг ажралмас манбаи бўлиб, аҳоли учун муносиб турмуш даражасини, жамиятни ташкил этишнинг демократик тартибини, юксак маданият стандартларини кафолатлайди.

Давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида қайд этилганидек, «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим», деган пурҳикмат сўзлар, албатта таълим, фан ва инновацияларнинг янада адолатли ва барқарор ривожланишига интилишни рағбатлантиришга қаратилган.

Жамшид Шарипов,
Авазбек Холбеков
 «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари,



2
Похожие новости