• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ РАҲБАРИ ЭЛДОР ТУЛЯКОВ РОССИЯЛИК ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН ИНТЕРВЬЮ БЕРДИ


2021 йил 21 октябрь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Россиянинг бир гуруҳ етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков меҳмонларни қизиқтирган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, эришилаётган натижалар, истиқболдаги вазифалар борасидаги бир қатор саволларига жавоб берди.

Хусусан, Э.Туляков олиб борилаётган ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар энг аввало инсон учун ҳизмат қилаётгани, бу борада масъулларнинг ҳам жамият олдидаги маъсулияти сезиларли ортганлиги, ички сиёсатдаги ислоҳотлар ташқи сиёсатда ҳам ўз аксини топаётганлиги, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ўртасида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини яратиш сиёсати бугунги кунда изчил давом этаётганини алоҳида қайд этди.

Элдор Туляков Россиянинг нуфузли теле- ва радио каналлари ва босма ОАВлари учун интервью бериш асносида, ташқи сиёсатда Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ҳамда хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларнинг яхшиланиши натижасида Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлиги яхшиланиб, мамлакатга киритилаётган инвестиция оқими ортганига ҳам тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президентлик сайловларида сиёсий партияларнинг кузатилаётган фаоллигига доир саволларга Э.Туляков Президентлик сайловида иштирок этаётган барча сиёсий партиялар учун бир ҳил миқдорда маблағ ажратилгани, номзодларга бир ҳил эфир вақти, реклама роликлари, янги форматдаги босма нашрлар тақдим этилганини маълум қилди. Деярли барча номзодлар ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда ўз саҳифалари ва каналлари фаолиятини йўлга қўйгани, барча ҳудудларда номзодлар ва ишончли вакилларнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказилиб, ушбу учрашувлар ОАВларда кенг ёритилаётгани, аҳоли эса уларни диққат билан кузатиб бораётгани айтиб ўтилди. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳар бир номзоднинг ўзига боғлиқ эканлиги ҳам қайд этилди.

Россиялик ОАВ вакиллари Ўзбекистон олдида турган устувор вазифа ва мақсадлар билан ҳам қизиқишди ва шундан келиб чиқиб бир қатор саволларни Марказ раҳбарига йўналтиришди. Унга жавобан Марказ раҳбари энг аввало деярли барча соҳаларда бошланган ислоҳотлар давом эттирилиши, хусусан, аҳоли учун долзарб бўлган таълим олиш ва тиббий ҳизмат кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар янада ривожланиши, ишсизликни олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилиши, экология муаммоларининг олдини олиш, коррупция билан муросасиз курашиш, ҳалқаро ҳамжамиятга интеграциялашув жараёнларини давом эттириш, Марказий Осиё ва бошқа ҳорижий ҳамкорлар билан кўптомонлама тарзда ҳамкорликни давом эттириш каби масалалар бундан кейин ҳам давлатнинг устувор вазифаси бўлиб қолишига ишонишини маълум қилди.

 “Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати