• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ННТ томонидан Ўзбекистонда БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясига таклифлар берилди


2021 йилнинг 19 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) ташаббуси билан Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)нинг Комплекс молиялаштириш стратегияси доирасида фуқаролик жамияти институтлари (ФЖИ) ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда халқаро ташкилотлар экспертлари, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ФЖИ ва ННТ вакиллари, шунингдек,  ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон учун БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясини режалаштириш ҳамда ривожлантиришга доир ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ресурсларнинг ягона молиялаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш, уни шакллантиришда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, бу борада миллий устуворликни такомиллаштириш, шунингдек, янги молиявий ечимлар ҳамда ресурсларни жалб қилиш юзасидан таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди.

Тадбирда БМТТД халқаро эксперти Нелсон Стратт “Ўзбекистон — 2030 учун очиқ молиялаштириш: комплекс миллий молиялаштириш стратегияси” мавзусида тақдимот ўтказди. Шунингдек, бошқа иштирокчи экспертлар томонидан Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастурида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнлари, барқарор ривожланишни молиялаштириш соҳасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда мазкур стратегияга эришишни тезлаштириш учун молиявий оқимларни тўғри тақсимлашда кенг жамоатчилик ва ННТ фаоллигини ошириш муҳим эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Асосий диққат-эътибор ННТнинг стратегияни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда қандай иштирок этиши каби жиҳатларга қаратилди.

Хусусан, миллий БРМга эришиш учун Ўзбекистонга ҳар йили камида 6 млрд доллар миқдорда қўшимча сармоя киритилиши зарурлиги, “Covid-19”нинг ташқи зарба ва таъсирини бартараф этиш эса 4 млрд долларга яқин қўшимча ташқи молиялаштиришни талаб этиши таъкидланди.

Давра суҳбати якунида Ўзбекистон учун БРМнинг Комплекс молиялаштириш стратегиясини яратиш соҳасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий ФЖ ҳамда ННТнинг доимий иштирокини таъминлаш муҳимлиги, шу боисдан бу каби тадбирларни БРМнинг ҳар бир йўналиши доирасида ўтказиш лозимлиги эътироф этилди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати