• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЎЗБЕКИСТОНДА МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ: ИСЛОҲОТЛАР ВА АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАР
10143 | 23 Ноя. 2021 й.

Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи

 

Юртимизда сўнгги 5 йил давомида барча соҳалар қатори маданият ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий маданиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш,  халқимизнинг маънавий-маърифий савияси ва билимини ошириш, моддий ва номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш, жаҳон маданияти майдонига фаол интеграцияни олиб кириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, маданият соҳаси вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Президент Ш. Мирзиёвнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”, “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳамда “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шубҳасиз, маданият соҳасидаги янги ютуқлар, ўзгаришларга ва ислоҳотларнинг амалга ошишига туртки бўлди.

Мазкур Концепциянинг асосий вазифаси — норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тарихий ва маданий меросни асраб-авайлаш, ёшлар онгига миллий ва умуминсоний қадриятларни сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш, маданият соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, маданият соҳасида ўзаро самарали халқаро муносабатларни ташкил этиш ва ривожлантириш,  миллий маданиятга жаҳон маданиятининг таркибий, ажралмас қисми сифатида қараш, маданият ва санъат муассасаларининг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, маданий мерос объектларининг сақланиши устидан жамоатчилик назоратини йўлга қўйишдан иборат.

Шунингдек, маданият соҳасида ҳуқуқий тартибга солишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади — маданий фаолият, шунингдек, маданият ташкилотлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу қонун қабул қилингунига қадар маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”, “Музейлар тўғрисида” ва “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ва кўплаб қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган эди.

https://opt-1058570.ssl.1c-bitrix-cdn.ru/upload/iblock/e9a/e9ad1e490309b669bfa18f9eb038dac8.jpg?160453331752378Эътироф этиш керакки, соҳани ислоҳ қилиш доирасида музейларни инновацион қайта ташкил этишни кўзда тутувчи Музейлар реновация дастури тасдиқланди, ўзбек халқининг қадимий ва бетакрор санъати намунаси бўлмиш Хоразм “Лазги”си эса “Хоразм рақси — Лазги” номи остида ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига кирилди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон давлат филармонияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.

Ўз навбатида,  2019 йилнинг 10–15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши, халқаро ҳунармандлар ташкилоти томонидан Қўқон шаҳрига “Дунё ҳунармандлари шаҳри” мақомининг берилиши, ўзбек халқ амалий санъатининг халқаро миқёсдаги юксак эътирофи бўлди.

Возможно, это изображение (3 человека)Термиз шаҳрида ўтказилган Халқаро бахшичилик санъати, Шаҳрисабзда бўлиб ўтган Халқаро мақом санъати халқаро фестиваллари, шунингдек, Бухоро шаҳридаги “Ипак ва зираворлар” ҳамда Марғилон шаҳридаги “Атлас байрами” каби форумларда дунёнинг кўплаб давлатларидан ташриф буюрган маданият ва санъат намояндалари, хусусан, ҳунармандчилик соҳасида ўз илмий иши ҳамда амалий фаолияти билан донг таратган машҳур олим ва мутахассисларнинг иштирок этгани алоҳида эътиборга лойиқдир. Аҳамиятли томони шундаки, мазкур тадбирлар соҳанинг маҳаллий вакиллари учун тажриба алмашинув майдончаларини яратди, энг муҳими, ижодкорлар ва мамлакатимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига қарата олди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, номоддий маданий мерос объектлари (дорбоз, аския ва лапар)ни асраш ҳамда улардан фойдаланиш фаолияти ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизмат, иш) турлари рўйхатига киритилди.

Мазкур ҳужжат билан концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш ва кўчма цирклар томонидан оммавий кўнгилочар тадбирларни ўтказишга рухсат олиш талаблари учун ундириладиган йиғимлар бекор қилинди. 2020 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб эса давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди. Ўша куни фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади.

https://dunyo.info/uploads/post/1632219124.2709.jpgВатанимизнинг қадимий ва бой тарихини чуқур ўрганиш, ушбу йўналишдаги илмий тадқиқот ишларини фаоллаштириш, ёш авлодни миллий қадриятлар ва аждодларимизнинг бебаҳо мероси асосида тарбиялаш, жамиятда ватанпарварлик ва ўз халқи билан ғурурланиш туйғусини шакллантириш асосида миллий ўзликни англаш ҳиссини мустаҳкамлаш ва ватандошларимиз дунёқарашини кенгайтириш мақсадида “O‘zbekiston tarixi” телеканали ташкил этилди. Телеканални ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, минг йиллар қаърига илдиз отган Ўзбекистоннинг кўҳна ва бой тарихи, халқимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ғоят катта илмий, маданий ва маънавий ҳиссаси ҳақида мамлакатимиз аҳолисини, шунингдек, чет эл жамоатчилигини кенг кўламда хабардор қилишдан иборат.

1968–1997 йиллар давомида Ўзбекистонда ўтказилиб келинган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларининг Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланди, эндиликда кинофестиваль 2021 йилдан бошлаб ҳар йили 28 сентябрь – 3 октябрь кунлари “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи остида Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Таниқли америкалик актёр Стивен Сигал, россиялик  кинорежиссёрлар Никита Михалков, Тимур Бекмамбетов, Жаник Файзиев, италиялик актёр ва кинорежиссёр Франко Неро, ҳинд киноси юлдузи Митхун Чакраборти, турк киноси намояндалари Мелис Памук, Филиз Аҳмет, Озжан Дениз ва бошқа машҳур актёрлар кино фестивалининг фахрий меҳмонлари бўлишди.

Сўнгги 5 йилда маданият соҳасини молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилди, масалан, 2016 йилда маданий мерос объектларини таъмирлаш, тиклаш ва консервациялашга бюджет маблағлари ҳисобидан 22,8 млрд сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 73,5 млрд сўм (ўсиш 3,2 баробар)ни ташкил қилди. Шунингдек, 2016 йилда давлат буюртмаси бўйича кинофильмлар ишлаб чиқаришга 10,3 млрд сўм ажратилган бўлса, 2021 йилда уларнинг миқдори қарийб 8 баробар ошиб, 81,4 млрд сўмни ташкил этди. Шунингдек, маданий объектларни қуриш ва таъмирлашга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда, ушбу мақсадлар учун фақатгина 2020–2021 йилларнинг ўзида давлат бюджетидан 160 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилди, бу эса, ўз навбатида, 34 та маданият маркази, 6 та театр ва 20 та музейнинг ташқи кўриниши ҳамда моддий-техник базасини яхшилаш ва мустаҳкамлаш имконини берди.

Таъкидлаш жоизки, маданият ва санъат соҳасида яратилган шарт-шароитлар аҳоли фаоллигининг ошишига кенг имкониятлар яратди, бу 2016 йилда музейларга ташриф буюрувчилар сонининг 5371,2 мингдан 7777,8 минггача ўсиши билан тасдиқланади. 2019 йилда концерт ва театрларга ташриф буюрувчилар 4194,5 мингдан 5467,6 мингтага кўпайган (2020 йилда пандемия муносабати билан мамлакатда ўрнатилган карантин чекловлари туфайли ташрифлар 1515,8 мингтани ташкил этди).

Маданият объектларини асраб-авайлаш ҳақида сўз борганда, сўнгги беш йил ичида биз тарихий-маданий меросни сақлаб қолиш билан боғлиқ ишларда жамиятнинг фуқаролик позицияси сезиларли даражада ўсганига гувоҳ бўлдик. Аҳоли тарихий биноларни бузиш, айниқса, шаҳарнинг тарихий қисмида кўп қаватли бинолар қурилишига қарши кескин муносабат билдира бошлади. Мамлакатда фуқаролик жамияти шаклланишининг умумий кўрсаткичи бўлган жамоатчилик назорати кучайди.

Лекин шунга қарамай, тарихий-маданий мероснинг қадр-қимматини, ёш авлоддан бошлаб, жамоатчилик онгига етказиш учун яхлит бир тизим яратиш муҳим саналади. Шу нуқтаи назардан, таълим муассасалари, жумладан,  мактабгача таълим, умумтаълим ва олий таълим муассасалари учун тарихий-маданий мероснинг қадр-қимматини англатувчи адабиётларни яратиш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш мақсадга мувофиқ, зеро бугунги кунда тарихий-маданий меросни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш дунёдаги замонавий мамлакатлар сиёсатининг муҳим йўналишига айланиб улгурди.


8
Похожие новости