• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ РАҲБАРИ ХИТОЙДА БЎЛИБ ЎТГАН ХАЛҚАРО ФОРУМДА ИШТИРОК ЭТДИ


2021 йилнинг 4–5 декабрь кунлари Хитой пойтахти Пекин шаҳрида “Демократия — бутун инсониятнинг умумий қадрияти” мавзусида глобал форум бўлиб ўтди. Ушбу халқаро форумда дунёнинг турли минтақаларидаги 120 дан ортиқ мамлакат ҳамда 20 дан ортиқ халқаро ташкилотдан тўғридан-тўғри ва онлайн форматда 500 дан зиёд эксперт иштирок этди.

Жумладан, “Тараққиёт стратегияси” марказининг хорижий ҳамкорларидан бири бўлган Хитой Ижтимоий фанлар академияси таклифи билан Марказнинг ижрочи директори Элдор Туляков ҳам ушбу нуфузли форумда қатнашди.

Форум доирасида иштирокчилар томонидан сўнгги юз йилликда демократия тушунчаси инсоният турмуш тарзи ва ҳаётида кенг ўринга эга бўлганлиги, шу боисдан ҳам демократияни устувор қадрият сифатида ўрганиш, ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш муҳимлиги, бу эса бир томондан жаҳон халқлари демократия анъаналарини пухта ўрганиш ва ўзлаштиришни тақозо этиши, иккинчи томондан миллий қадриятлар ва қарашларни бугунги кунга жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётганлигига алоҳида урғу берилди.

Хусусан, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ҳам ўз нутқида форум иштирокчиларини ушбу нуфузли тадбир билан қутлаб, демократия ўрнатишда, энг аввало, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини Бош қонун — Конституция билан кафолатлаш муҳим эканлиги ҳақида тўхталди. Жумладан, тадбир ташаббускори бўлган Хитой Халқ Республикасини 4 декабрь — Конституцияси қабул қилинган кун билан табриклаб, Ўзбекистонда ҳам айнан декабрь ойининг 8 санаси Бош қомус — Конституция куни сифатида нишонланиши ва Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари унда тўлақонли таъминланганлиги ҳақида маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, Э. Туляков тадбир давомида ташкил этилган биринчи сессияни модератор сифатида бошқариб борди.

Амалий ташаббус ва таклифларга бой бўлган ушбу халқаро форум доирасида иштирокчи экспертлар томонидан мамлакатлар учун энг мос демократик тараққиёт йўлини ҳар бир давлатнинг ўзи ҳал қилиши лозимлиги, бир мамлакат демократиясини кўр-кўрона шаклда бошқа мамлакатга татбиқ этиб бўлмаслиги, шунингдек, давлатлар бир-бирларини ҳурмат қилган ҳолда келишмовчиликларни бартараф этишда умумий мулоқот йўлларини қидириши, бутун инсониятга тааллуқли бўлган қадриятларни ҳурмат қилиши лозимлиги таъкидланди.

Айни кунларда ушбу форум доирасида режалаштирилган сессия йиғилишлари давом эттирилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати