• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон–Туркия: «ақл марказлари» минтақавий ва халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди


2022 йилнинг 18 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Туркиянинг етакчи «ақл марказ»ларидан бири – Истанбул тижорат университетининг Қўшни давлатлар ва минтақалар тадқиқот маркази томонидан онлайн шаклдаги халқаро давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ва Истанбул тижорат университети ректори доктор Южел Оғурлу кириш сўзи билан очиб беришди. Элдор Туляков сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ хорижий давлатлар билан алоқаларни кенгайтиришга қаратилган фаол, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсатдаги ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон–Туркия муносабатларида ҳам яққол намоён бўлаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбатида Истанбул тижорат университетининг Қўшни давлатлар ва минтақалар тадқиқот маркази профессорлари – Угур Ясин Асал, Зебинисо Камалова ва Меҳмет Эрендорлар ҳамда икки давлат «ақл марказ»лари экспертлари иштирок этиб, халқаро майдонда Осиё давлатларининг ўсиб бораётган нуфузи, минтақавий ва халқаро ҳамкорликда Марказий Осиё ва Туркия, шунингдек қитъанинг бошқа етакчи давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги алоқаларининг замонавий тенденциялари атрофлича муҳокама қилинди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти Фаррух Хакимов ўз маърузасида Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат натижасида минтақавий ва глобал даражадаги эришилган ютуқлар ҳамда жорий йилда қабул қилинган «2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»да белгиланган устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

– Тараққиёт стратегиясида Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини ошириш, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш, анъанавий ҳамкорлар билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратиш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш каби бир қатор стратегик мақсадлар ва вазифалар ўз аксини топган, – дейди Ф.Хакимов.

Шу билан бирга, тадбирда туркиялик экспертлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди, иштирокчилар билдириб ўтган фикр-мулоҳаза ва таҳлил натижалари атрофлича муҳокама қилинди. Тадбир якунида эса Истанбул тижорат университетининг Қўшни давлатлар ва минтақалар тадқиқот маркази профессор-ўқитувчилари Тараққиёт стратегияси доирасида Ўзбекистон ташқи сиёсатида амалга ошириладиган ишлар, Ўзбекистон–Туркия муносабатлари ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан илмий-амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олишди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати