• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Ўзбекистон–Покистон: «ақл марказ»лари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди

2022 йилнинг 2 март куни «Тараққиёт стратегияси» марказида, Марказ ижрочи директори Элдор Туляков ҳамда Покистоннинг Center for Global & Strategic Studies (CGSS) тадқиқот маркази ижрочи директори Халид Таймур Акрам билан учрашув бўлиб ўтди.

Дўстона мулоқот шаклида ўтган мазкур учрашув аввалида Э.Туляков меҳмонни «Тараққиёт стратегияси» маркази фаолияти ҳамда Марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифалар билан яқиндан таништириб ўтди. Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини миллий ва халқаро жамоатчиликка етказишда Марказнинг алоҳида ўрни борлиги қайд этиб ўтилди.

Шунингдек, учрашув давомида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари билан ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган ҳамкорликнинг шаклланаётганлиги, бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва стратегик ҳамкорлик алоқалари ривожида ҳам яққол намоён бўлаётганлиги эътироф этилди.

Албатта, ушбу жараёнларда «ақл марказлари»нинг ҳам фаол саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Томонлар икки мамлакатнинг етакчи «ақл марказлари» ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш мақсадида келгусида бир қатор қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати