• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ИТАЛИЯ ЖАМОАТЧИЛИГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ КЕЛГУСИ БЕШ ЙИЛДАГИ ИСЛОҲОТЛАРИДАН ХАБАРДОР ҚИЛИНДИ

2022 йилнинг 10 март куни “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигида Ўзбекистон делегацияси, Ўзбекистоннинг Римдаги элчихонаси, Осиё ва Африка Ўрта ер денгизи институти (ISMAA) билан ҳамкорликда ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлилий ва ишбилармон доиралар, шунингдек Италия ОАВ вакиллари учун 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва муҳокама қилишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси аъзолари 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг ҳар бир устувор йўналишига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Стратегиянинг ҳар бир йўналиши доирасидаги асосий мақсад ва вазифалар очиб берилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этишга қаратилган изчил ислоҳотларни давом эттириш учун қатъий иродаси мавжудлиги эътироф этилди.

Шунингдек, учрашув давомида жойлардаги муаммоларни ҳал қилишда маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг роли ва масъулиятини ошириш, фуқароларнинг эҳтиёжларини қондиришга қаратилган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш, Марказий давлат органларини транформация қилиш орқали «Янги Ўзбекистон – халқпарвар ва инсонпарвар давлат» ғоясини амалга ошириш нақадар муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидлаш жоизки, адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш муҳим йўналишлардан биридир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолиятини такомиллаштириш, адвокатлик ролини кучайтириш ва ушбу соҳани рақамлаштириш жараёнини амалга оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон делегацияси аъзолари таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш, уларнинг самарадорлиги ва имкониятларини ошириш, оммавий спорт, шу жумладан тегишли инфратузилмани яратиш, ушбу соҳаларни ривожлантириш билан бевосита боғлиқ бўлган йўналишларга ҳам батафсил тўхталиб ўтдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижобий натижалари, инвесторлар, жумладан хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот тақдим этилди.

Учрашув давомида Э.Туляков ушбу стратегик ҳужжатни амалга оширишда “Тараққиёт стратегияси” марказининг ўрни ва роли, унинг ижросини мониторинг қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш, шу билан бирга, кўзда тутилган ислоҳотларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича таҳлил ва тадқиқотлар олиб борадиган таҳлилий марказ эканлиги ҳақида қисқача сўзлаб берди.

Давра суҳбати якунлари бўйича Ўзбекистон делегацияси аъзолари Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида кўзда тутилган ислоҳотлар бўйича Италия жамоатчилиги ва журналистларининг саволларига батафсил жавоб бердилар.

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати