• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

НИДЕРЛАНДИЯНИНГ НУФУЗЛИ LINKS EUROPE ТАҲЛИЛ МАРКАЗИ БИЛАН АЛОҚА ЎРНАТИЛДИ

2022 йилнинг 9 март куни Гаага шаҳрида “Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори ЭлдорТуляков бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва ЮСАИД (USAID)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аъзолари Links Europe (Нидерландия) раҳбари Деннис Саммут билан учрашди.

Links Europe 1997 йилда қўшни Европа давлатларида можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш ва ўтиш жараёнини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Унинг асосий фаолияти мулоқот, тадқиқот ва таҳлил, тарғибот ва ахборот тарқатишдан иборат.

Деннис Саммутнинг сўзларига кўра, Links Europe хавфсизлик, геосиёсат ва халқаро муносабатлар бўйича махсус тадқиқотлар устида иш олиб бормоқда. Links Europeнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у қарор қабул қилувчилар, ақл марказлари раҳбарлари ва тажрибали мутахассислар йиғиладиган учрашувлар ва тадбирларни ташкил қилишда ижодкордир.

Шунингдек, Деннис Саммут таҳлилий марказ имижини ривожлантиришнинг айрим устувор йўналишларини, жумладан ақл марказининг мустақиллигини таъминлаш, амалга оширилаётган сиёсатни реклама ёки тарғиб қилмаслик, муқобил вариантларни ишлаб чиқиш ва муайян муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар бериш, шунингдек ўз нуқтаи назарига эга бўлиш ҳамда мустақил фикр юритиш зарурлигини таъкидлади.

Учрашувда Марказ директори Э.Туляков Links Europe вакилларини Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида режалаштирилган ислоҳотлар билан таништирди.

Бундан ташқари, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан олиб борилаётган тадқиқотлар ва фаолият кўлами, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда марказнинг ўрни ва роли, таҳлилий марказ сифатида кўзда тутилган ислоҳотларни сифатли амалга оширилишини мониторинг қилиб бориш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш, ўз вақтида таҳлил ва тадқиқот ишларини олиб бориш ҳақида ҳам сўз борди.

Учрашув давомида томонлар Links Europe ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини батафсил муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан Links Europe тажрибали мутахассисларининг фикр-мулоҳазаларини олиш учун давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар доимий тажриба алмашишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар ва ўзаро манфаатли йўналишларда қўшма тадқиқотлар ўтказишга келишиб олдилар.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати