• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Марказий Осиёда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди

2022 йилнинг 14 июль куни «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамда Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари» мавзусида илмий-тадқиқот лойиҳаси натижаларига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Унда, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат экология қўмитаси, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маҳаллий давлат органлари, идора, ташкилотлари масъул ходимлари ва экспертлари, шунингдек Бирлашган Араб Амирликларининг «Zaed» университети, Норвегия Халқаро муносабатлар институти, Халқаро аграр университети, маҳаллий ҳамда хориж таҳлилий марказлари экспертлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – лойиҳа доирасида олиб борилган тадқиқот натижалари бўйича тақдимот ўтказиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга оид маҳаллий ва хорижлик экспертлар хулосаларини жамлаш ҳамда тадқиқот натижаларини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат.

Конференция онлайн ва оффлайн форматда ўтказилиб, иккита сессияга бўлинган ҳолда ташкил этилди. Жумладан, тадбирнинг биринчи қисми «Тараққиёт стратегияси» маркази масъул ходимлари томонидан «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш истиқболлари» тадқиқот натижалари бўйича тақдимотларига бағишланган бўлса, иккинчи қисмда Марказий Осиё мамлакатларида қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларидан фойдаланишнинг бугунги ҳолати, ривожланиши ва салоҳиятига ихтисослашган хорижий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Тадбирни «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков кириш сўзи ва маърузаси билан очиб берди.

Э.Туляков ўз маърузасида ҳозирги пайтда қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари жаҳон энергетикаси соҳасида шиддат  билан ривожланаётган тенденциялардан бири эканлигини, қайта тикланувчи энергетия манбаларидан фойдаланиш миллий иқтисодиётнинг анъанавий ёқилғига бўлган боғлиқлигини камайтиришга ёрдам беришини, шунингдек иссиқхона газлари ажратилиши ҳажмини камайтириш билан бир қаторда юқори ўсиш суръатларига эришишга имкон беришини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Эътироф этиш жоизки, жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда, – деди Э.Туляков. – Зеро, мамлакатнинг миллий иқтисодиёти Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари анъанавий энергия манбалари – нефть, табиий газ ва кўмирдан фойдаланиш, уларни экспорт қилиш ёки транзити билан бевосита боғланган. Ҳозирги кунда қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини ҳисобга олиб, «Тараққиёт стратегияси» маркази Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларидан фойдаланиш истиқболлари бўйича Тошкент вилоятининг бешта қишлоғи мисолида тадқиқот ўтказди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика сиёсати соҳасида кўп томонлама сермаҳсул ишлар амалга оширилмоқда, жумладан мавжуд энергетика тизими модернизация қилинмоқда, шунингдек шаҳар ва қишлоқларда янги инфратузилмалар яратилмоқда. Хусусан, аҳоли пунктларини энергия ресурслари билан таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда «Яшил иқтисодиёт» технологияларини барча соҳаларга фаол татбиқ этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, шунингдек қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш, электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард кВт.соатга ошириб, жами 100 миллиард кВт.соатга етказиш, электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш бўйича чораларни кўриш ҳамда уй-жой-коммунал хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш каби муҳим вазифалар ўз аксини топган.

Шу нуқтаи назардан, мазкур тадқиқот ишининг мамлакатимизда ҳам саноат, ҳам хонадонларда муқобил энергия манбаларини кенг жорий этиш ва аҳолини мана шундай имкониятлардан хабардор қилишда муҳим аҳамиятга эга десак, асло муболаға бўлмайди.

 

Фридрих Эберт жамғармасининг Қозоғистон ва Ўзбекистондаги минтақавий директори Кристоф Мор кириш сўзида қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда ривожланган ва ривожланаётган давлатларда тараққиётнинг муҳим асоси ва истиқболи сифатида қаралаётганлиги, хусусан Германияда ҳам энергетика соҳасида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш марказий ўрин тутишини қайд этди. Кристоф Морнинг таъкидлашича, ҳозирда Германияда деярли 50 фоиз энергия қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинади. Аммо, шунга қарамай, мазкур йўналишда ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар талайгина.

Баҳром Ражабов – Фридрих Эберт жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари эса «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари» мавзусидаги ҳамкорликда амалга оширилган илмий-тадқиқот лойиҳаси бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга эканлигига алоҳида урғу бериб, бундай тадқиқотларни янада жадаллаштириш ва кўламини кенгайтириш лозимлигини эътироф этди.

Тадбир сўнггида маҳаллий ва хорижий экспертлар ўртасида фикр ва мулоҳазалар алмашинуви қизғин тус олди, натижалар сарҳисоб қилинди, илмий-тадқиқотнинг хулоса ва таклифлари ижобий баҳоланиб, келажакда амалга оширилиши зарур бўлган саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати