• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ШВЕЦИЯ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИДА ДАВРА СУҲБАТИ БЎЛИБ ЎТДИ

2022 йилнинг 2 ноябрь куни Стокгольмда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигидаги марказ экспертлари иштирокида Швеция Ташқи ишлар вазирлигида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Давра суҳбатида иштирок этган дипломатлар, етакчи экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари Ҳаракатлар стратегиясининг асосий натижалари ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти билан таништирилди.

Учрашувда сўз олган «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистонда хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида олиб борилаётган устувор йўналишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидландики, 2017–2021 йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатда амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижалари ўрта ва узоқ муддатли тараққиётга мустаҳкам пойдевор бўлди. Айниқса, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида салмоқли марралар забт этилди. Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолият йўналишида тадбиқ этилган ёндашувлар мамлакат ташқи сиёсатига тамомила янгича мазмун касб этиб, жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар ва глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, миллий манфаатларни жадал суръатларда илгари суришга хизмат қилмоқда.

Э.Туляков ўз сўзида сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий очиқлиги ҳамда инвестициялар ва бизнес учун жозибадорлиги, аҳолининг барча муаммоли масалаларни якдиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик асосида ҳал этишга интилиши, мамлакатда мукаммал ҳуқуқий пойдеворнинг яратилиши, дунё давлатлари билан мувозанатли ва ўзаро манфаатли алоқалар юритилиши, сиёсий ишонч ва халқаро ҳуқуққа риоя этилиши асосидаги ўзаро ҳамкорликка интилиши халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётгани, бу эса, ўзаро дипломатик алоқаларнинг янги босқичига асос бўлаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлмиш 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришга устувор аҳамият берилган.

Хусусан, Э.Туляковнинг таъкидлашича, ҳужжатдан фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини ва давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш янада мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлиги ва генофондига зиён етказадиган экологик муаммоларни бартараф этиш, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни, шунингдек анъанавий ҳамкорлар билан муносабатларни ривожлантириш, БМТ, глобал ва минтақавий ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш каби масалалар ўрин олган.

Шунингдек, Э.Туляков Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси доирасида кўзда тутилган ислоҳотлар бўйича иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

Давра суҳбати якунида соҳа мутахассислари ҳамда «ақл марказлари» доимий ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати