• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

СТОКГОЛЬМ: «ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ» МАРКАЗИ ЭКСПЕРТЛАРИ ТОМОНИДАН ХАЛҚАРО ТАЖРИБА ЎРГАНИЛДИ

2022 йилнинг 3 ноябрь куни Стокгольмда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигидаги экспертлар гуруҳи илғор хорижий тажриба, хусусан Европа давлатларининг тадқиқот марказлари тажрибасини ўрганиш мақсадида Швеция ижтимоий тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчилари, экспертлари ва ижтимоий соҳа мутахассислари билан учрашув ўтказишди.

Унда, ижтимоий шериклик, ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар, камбағалликни қисқартириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, пенсия таъминоти каби масалаларда халқаро тажриба ўрганилди.

Учрашувда камбағалликдаги инсон фаровонлигини фақатгина даромадларга асосланган баҳолаш ўрнига бошқа кўп критерияли тизимлари билан ўлчаш камбағалликка қарши курашишнинг самарасини янада ошириши, камбағаллик бу фақатгина даромадлар эмас, бу турли ўлчамли (тоза ичимлик суви, соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматлар) ҳаёт сифатини ифодаловчи кўрсаткич эканлиги эътироф этилди.

Турли мамлакатлар камбағаллик даражасини камайтириш учун ҳар хил моделларни қўллашади. Мисол учун, швед модели икки мақсадни кўзда тутади: тўлиқ бандлик ва даромадлар тенгсизлигини камайтиришни таъминлаш. Мазкур мамлакатда, ишсизларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш, талаб юқори бўлган соҳаларда ишлаш қобилиятини тиклашни маъқул кўришади.

Учрашувда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков, Ўзбекистонда ҳам ривожланган мамлакатлардек камбағалликни қисқартиришга қаратилган комплекс ёндашувлар борлигини, мазкур сиёсат меҳнатга лаёқатли аҳолини имкон қадар иш билан таъминлаш ва бир вақтнинг ўзида муҳтож одамларни камбағаллик чегарасидан чиқаришга қаратилганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, мамлакатда кам таъминланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг даромад олиши ва инсон капиталини ривожлантириши учун қўшимча имкониятлар яратилаётгани қайд этилди.

Таъкидландики, сўнгги 5 йил давомида камбағалликни енгишга ҳисса қўшадиган бошқа соҳаларда ҳам салмоқли саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Уларга янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ жойлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва тарбияни яхшилаш ҳамда иқтисодий миграция киради. Бу соҳаларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар мамлакатнинг узоқ муддатли камбағалликни қисқартириш дастурининг муҳим қисми ҳисобланади.

Швециялик мутахассисларнинг эътироф этишларича, мамлакатда пенсия уч қисмдан иборат: шартли-жамғарма; жамғарма ва кафолатли. Биринчиси, ишчилар иш ҳақининг 16 фоизини ташкил этувчи бадаллар ҳисобидан шаклланади ва бу жорий иқтисодий вазият ва демографик ҳолатдан келиб чиқиб, индексацияланади. Жамғарма қисми ҳам ишчиларнинг иш ҳақига боғлиқ бўлади, бироқ бу маблағлар ишловчининг ҳисоб-рақамидаги реал маблағлар бўлиб, ушбу маблағларни нодавлат пенсия фондлари орқали инвестициялаши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда ҳам  барча соҳалар сингари пенсия  тизимини ривожлантириб боришга доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада аҳоли, меҳнатга лаёқатсиз бўлган фуқаролар манфаатлари учун хизмат қиладиган ижтимоий ҳимоя ва таъминот ҳамда пенсия тизимининг зарурий ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳамда пенсия ва бошқа ижтимоий нафақаларнинг йил сайин ошириб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим. Шундай бўлса-да, пенсия тизимини ривожлантиришда изчил давом этиш ва унинг янада самарали бўлишини таъминлашда халқаро тажрибаларни ўрганиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Учрашув якунида, Швеция ижтимоий тадқиқотлар институти «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини билдириб ўтди, шунингдек томонлар қўшма ижтимоий тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш, соҳа билан боғлиқ турли илмий, услубий, ва таҳлилий материалларни тайёрлаш ва ўзаро тажриба алмашишга келишиб олишди.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати