• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МТМ ТАРБИЯЧИЛАРИ УЧУН ҚЎЛЛАНМА ТАЙЁРЛАНМОҚДА

2022 йилнинг 25 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури доирасида мактабгача таълим ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш таълими бўйича Марказ экспертлари томонидан ишлаб чиқилаётган услубий қўлланма муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури, Мактабгача таълим вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги Академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари, “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ННТлари экспертлари ҳамда мактабгача таълим соҳасида педагог кадрларни етиштиришга масъул бўлган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Давра суҳбатини очиб берган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков ёш авлоднинг коррупцияга нисбатан фуқаролик позициясини шакллантиришда коррупцияга қарши таълимнинг долзарблиги, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда глобал жараёнининг фаол иштирокчисига айланиб улгурганлиги, тегишли ҳуқуқий базани миллий ва халқаро даражада мустаҳкамлаганлигини таъкидлади.

Шундан сўнг, Марказ экспертлари томонидан ишлаб чиқилаётган услубий қўлланмадан кўзланган мақсад ва унинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Жумладан, ушбу услубий қўлланмада коррупциянинг мазмун-моҳиятини аниқлашга ёндашувлар, коррупциянинг таснифи, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши кураш сиёсатининг ҳуқуқий асослари, коррупцияга қарши таълим ва болаларни тарбиялашнинг инновацион ғоялари ва механизмлари, шунингдек мактабгача таълим муассасаларида коррупцияга қарши замонавий таълимнинг асосий ёндашувлари ҳамда тамойиллари акс эттирилган.

Бундан ташқари, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва онгини ривожлантириш, ҳалоллик, тўғрилик ва коррупцияга қарши дунёқарашини ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Услубий қўлланманинг иловаларида амалий машғулотлар учун иллюстрация (суратли) ва медиа материаллар берилган бўлиб, қўлланмадан МТМ тарбиячилари, юрист, психолог ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини жалб қилган ҳолда турли хил мастер-классларни ўтказишда фойдаланиш мумкин.

Тадбирда иштирокчи мутахассис ва экспертлар томонидан коррупцияга қарши курашиш мунтазам ўзгаришлар ва янгиланишларни талаб этиши, олиб борилган илмий изланишларга кўра, инсон бутун умри давомида оладиган маълумотларнинг 70 фоизини, айнан 5 ёшгача бўлган даврда қабул қилиши, шу сабабли, ушбу қўлланма ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шунингдек, қўлланмада халоллик фазилатлари тарифларини ҳамда қадриятлар ва ўзбек халқининг буюк намоёндаларининг коррупцияга қарши иқтибосларини акс эттириш, мамлкатнинг “Коррупцияни қабул қилиш индекси”даги ўрнини кўрсатувчи дунё харитасини киритиш, коррупция ёмон иллат эканлигини англатувчи ўзбек миллий эпизодини яратиш орқали эртак ёки ривоятларни киритиш ва бу жараёнда ота-оналар томонидан ҳам тарғибот ташвиқот ишларини олиб боришига оид тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қўлланма орқали МТМ тарбиячилари болаларда коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчани шакллантириш имконига эга бўлишади. Бу эса, болаларни тарбиялаш ва улар ҳаётидаги ҳалоллик қадриятларини мустаҳкамлашда муҳим босқичдир.

Давра суҳбати якунида бундай қўлланма тайёрлаш амалиётини тизимли давом эттириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Шу билан биргаликда, мактабгача таълим ташкилотлари вакиллари ҳамда амалиётчилар томонидан қўлланманинг ҳаётийлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати