• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ТИББИЁТ СОҲАСИДА ХУСУСИЙ СЕКТОР ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШДАГИ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАР ЎРГАНИЛДИ

2022 йилнинг 29 ноябрь куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлашдаги муаммолар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Истеъмолчиларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази ДУК, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда ННТ, хусусий тиббиёт ташкилотлари вакиллари ва соҳада кадрларни етиштиришга масъул бўлган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков томонидан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида аҳолига янада сифатли ва малакали тиббий хизматлар кўрсатиш, соҳада хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли дори-дармонларни етказиб бериш борасида амалга оширилган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

– Ҳаракатлар стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бюджетдан ажратилган маблағлар 2017 йилдаги 7,3 трлн.сўмдан 2021 йилга келиб 24,7 трлн.сўмга, шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 1131,2 минг сўмдан 3282,7 минг сўмга, ҳамширалар маоши 692,1 минг сўмдан 2008,6 минг сўмга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратилган маблағлар 4,5 баробарга оширилди, – деди Э.Туляков. – Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 4 000 тадан 7 049 тага етди. Улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, айни кунда хусусий тиббиёт ташкилотларига 126 та тиббий ихтисосликлар бўйича лицензия олишларига имкон яратилди, авваллари улар атиги 50 турдаги хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.

2021 йилдан хусусий тиббиёт муассасаларига транспланталогия каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш,  “Ҳамширалик иши” ва “Мобил тиббиёт”ни ташкил этиш учун ҳам рухсат берилди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчи экспертлар томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам соҳани тараққий эттириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида ислоҳотларни тизимли давом эттиришга оида бир қатор мақсадлар белгиланганлиги таъкидланди.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясида тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улушини 25 фоизга етказиш, дори воситалари ва тиббий буюмларга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни 3 баробарга ошириш, дори-дармон ва тиббиёт воситалар ишлаб чиқариш улушини 80 фоизга етказиш, аҳолини тиббий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш, электрон рецепт тизимини кенг жорий этиш, дори воситалари нархларига риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш каби мақсадлар белгиланган.

Шу ўринда халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, аксарият ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги муваффақияти, хусусий тиббиёт тизимининг ривожланиши билан изоҳланади. Сабаби, рақобат бор жойда хизмат кўрсатиш сифати ошиб, илғор хорижий технологиялар соҳага жорий этиб борилади.

Қолаверса, хусусий сектор давлатнинг тиббиёт  хизматлари билан таъминлаш юкининг бир қисмини ўзига олган ҳолда халқимизнинг тиббий хизматлардан фойдаланишга  бўлган эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Давра суҳбати якунида соҳа мутахассис ва экспертлари томонидан аҳоли учун сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича белгиланган мақсадларни амалга ошириш имкониятлари ҳамда мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифлар билдирилди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати