• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

МАРКАЗ ХОДИМЛАРИ “ЎЗБЕКИСТОН КОНСТИТУЦИЯСИНИНГ 30 ЙИЛЛИГИ” ЭСДАЛИК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони доирасида бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланмоқда.

Жумладан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини самарали амалга ошириш, мамлакатда амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар ва эришилган юксак натижалар билан маҳаллий ва халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб боришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоасининг ҳам бир гуруҳ ходимлари “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

Шу муносабат билан, 2022 йил 7 декабр куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Марказ жамоаси иштирокида бўлиб ўтган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков мукофотланганларни табриклаб, келгусида ҳам Бош қомусимизда белгилаб берилган нормаларни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳасида босқичма-босқич ва тизимли равишда амалга оширилишида фаол бўлишларини тилади.

– Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўтган 30 йиллик вақт давомида инсон қадри улуғланган, адолатли жамият қуришимизда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилиб келмоқда, – деди Э.Туляков. – Хусусан, ўтган беш йилликда Ҳаракатлар стратегияси йўналишлари доирасида ҳам Конституциямизда муҳрлаб қўйилган ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш ғоясига содиқ қолиниб, шу йўлда кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилди. Катта билим ва тажриба тўпланди.

Натижада, ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлат сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай жамиятда Конституция ижтимоий тараққиёт суръатларига таъсир кўрсатадиган муҳим манба, тараққиётни белгилайдиган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати