• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҚОЗОҒИСТОНЛИК ЭКСПЕРТЛАР ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРДАН ХАБАРДОР ҚИЛИНДИ

2022 йил 9 декабр куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Евроосиё тадқиқот институти томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар тақдимотига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Қозоғистоннинг етакчи “ақл марказ”лари экспертлари, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков йиғилганларни Ўзбекистонда Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг дастлабки натижалари билан яқиндан таништирди.

– Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилган ишлар маҳаллий аҳоли ва халқаро ҳамжамият учун очиқ ва шаффоф бўлган янги даврни бошлаб берди, – деди Э.Туляков. – Буни биргина, иқтисодий ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтириш, нархларни эркинлаштириш, инфляция ва солиқ юкини камайтириш иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, халқаро ҳамжамият, шу жумладан хорижий инвесторлар учун халқаро рейтинг агентликларида мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, давлат бюджетининг ижроси, пул массаси, олтин-валюта захиралари ҳолати тўғрисидаги барча статистик ва таҳлилий маълумотлар мунтазам эълон қилиб борилди.

Эътиборлиси, ушбу иқтисодий ислоҳотларни 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси доирасида ҳам изчил давом эттирилиши белгиланган. Хусусан, Тараққиёт стратегиясига кўра, иқтисодиётни янада эркинлаштириш, аксарият соҳаларни хусусийлаштириш, монополияга барҳам бериш, кўпроқ хорижий инвестицияларни жалб қилиш, нархларни барқарорлаштириш, “иқтисоднинг ҳаракатлантирувчи соҳалари”ни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор мақсадлар белгиланган.

Хусусан, иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига кириш учун замин яратиш шулар жумласидандир.

Ўз навбатида, тадбир иштирокчилари томонидан мамлакатда бошланган ислоҳотлар нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани, иқтисодий ислоҳотлар марказига инсон манфаати қўйилгани ижобий баҳоланди.

Жумладан, саноатнинг етакчи тармоқлари ва иқтисодиётни янада либераллаштириш ҳамда трансформация жараёнларини якунлаш орқали энергия ресурслари ва табиий газ бозорларини ижтимоий ҳимоя кафолатларини белгилаган ҳолда эркинлаштириб, соҳага хусусий инвестициялар кенг жалб қилинади. Шу билан бирга, эҳтиёжманд аҳолини ҳимоя қилиш учун ижтимоий истеъмол нормалари киритилиб, “Яшил иқтисодиёт” технологиялари барча соҳаларга фаол жорий этилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Евроосиё тадқиқот институти миллий, минтақавий ва халқаро муаммоларни инновацион тадқиқ этиб борувчи нуфузли институт ҳисобланади. Мазкур институтнинг фаолияти – иқтисодиёт, молия, энергетика, сиёсат ва маданият соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш ва лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Умуман тадбир доирасида Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси, иқтисодий имкониятлари, дунё ҳамжамияти билан ҳамкорлиги ва ривожланиш тенденциялари муҳокама қилиниб, ўзаро фикр алмашилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда истиқболда ўзаро манфаатли, долзарб мавзуларда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати