
Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномада яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтиб, келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши ва ушбу мақсадда
2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинишини таъкидлаб ўтди. Бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли «яшил энергия»га ўтказилади, аҳоли хонадонларида эса, қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади.
Таъкидлаш жоизки, бугун, дунёдаги жиддий геосиёсий
ва геоиқтисодий ўзгаришлар рўй бераётган бир шароитда муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Зеро, энергия
ва энергия ресурслари ҳар қандай мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлайдиган омиллардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, бугунги кунда Ўзбекистоннинг энергетика тизимида энергия хавфсизлигини таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш
ва иқтисодиёт тармоқларини барқарор энергия билан таъминлаш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида босқичма-босқич амалга оширилаётган лойиҳалар сони тобора ортиб бормоқда ва ҳеч бири давлат кафолатлари тақдим этилишини назарда тутмайди. Бу, ўз навбатида, соҳада давлат-хусусий шерикчилигининг вужудга келишига ҳам имконият яратади. Сармоядорлар киритаётган таклифлар эса энергетика бозорининг йирик иштирокчиларида мамлакатимизда ишлашга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини, бунинг учун қулай инвестиявий муҳит юзага келаётганини яққол кўрсатиб турибди.
«Халқимиз ҳам, тадбиркор ва инвесторлар ҳам, биздан долзарб масала бўлган энергетика соҳасида аниқ ечимлар кутаётгани сир эмас», – деди Президент. Шунингдек, иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклиги, бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкинлиги эътироф этилди.
Шу боис, сўнгги уч йилда соҳага 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиниши режалаштирилмоқда.
Хусусан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига қўшимча 14 миллиард киловатт электр ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси
50 фоизга кўпаяди.
Келаси уч йилда эса барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари
ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади.
Умуман олганда, бугунги кунда мамлакат тараққиёти йўлида «яшил технологиялар»ни жорий этиш аҳолининг яшаш сифатига ижобий таъсир кўрсатади. Бу, ўз навбатида шаҳар ва қишлоқлардаги ҳаётни янада қулайлаштиради.
Авазбек ХОЛБЕКОВ,
«Тараққиёт стратегияси» маркази эксперти