• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ТАРАҚҚИЁТ ЖАСОРАТЛИ МЕҲНАТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ
1996 | 21 Дек. 2022 й.

Мурожаатнома йўллаш институти амалиёти янги Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ўзи хос тенденцияга айланиб улгурди. Давлат раҳбарининг навбатдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси бешинчи мурожаат саналиб, бу сафарги мурожаат ҳам олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертлар, кенг жамоатчилик тарафидан зўр қизиқиш билан қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Мурожаатнома қуйидаги ўзига хос хусусиятларга эга.

Биринчи хусусият, давлат ҳокимияти ва бошқарувининг барча органлари ва 36 миллиондан ортиқ бўлган Ўзбекистон халқига йўлланган мурожаат бўлди.

Иккинчи хусусият, Мурожаатнома аудитория ва кенг масштаблилиги билан ажралиб турди. Унинг маҳаллий телеканалларда тўғридан-тўғри эфир, шунингдек Президент матбуот хизматининг Facebook ва YouTubeдаги саҳифаларида узатилди. Бу эса кутилган Мурожаатномани юртдошларимиз катта қизиқиш билан турли меҳнат жамоалари, ҳар бир хонадонда кузатиб бориш имконини берди. Мурожаатномани кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кузатганлиги, ҳар фуқаронинг бугунги воқеаларга дахлдорлик ҳисси билан яшаётганлигидан далолатдир.

Учинчи хусусият, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” сарҳисоби ва келгуси йилнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Мурожаатнома давлат ва жамият бошқарувида мавжуд ютуқ ва реал камчиликларни аниқ таҳлиллар асосида бирма-бир очиқлик билан етказилганлиги билан ҳам эътиборгп молик.

Бугунги Мурожаатномада диққатимни тортган, алоҳида ажралиб турадиган муҳим жиҳати бу сифатли таълим масаласидир. Юртбошимиз ўз нутқида, биринчи навбатда эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратиш зарур эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Асосий қонунимиз Конституцияда ўқитувчиларнинг мақоми, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш бўйича нормаларнинг белгиланиши долзарб эканлигига тўхталиб ўтди. Шунингдек, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоад́а ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш, чет тилини билиш, айниқса уларнинг она тилини билиши муҳим эканлигини қайд этилди.

2023 йилда 70 та янги мактаб қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши режалаштирилган. Хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сонини мингтага етказиш мақсад қилинган.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 45-мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бошланғич синф ўқувчиларини босқичма-босқич бепул овқат билан таъминлаш вазифаси белгиланган. Йил бошидан Қорақалпоғистон ва Хоразмда 285 минг нафар бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш йўлга қўйилди. Мурожаатномада келаси ўқув йилидан барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бепул овқатланиш жорий этилиши борасидаги ташаббус минглаб ота-оналарни қувонтирди. Бунинг учун давлат бюджетидан 2,3 триллион сўм ажратилиши режалаштирилди. Дарҳақиқат, буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожиб айтганидек, “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”.

Мурожаатнома ўзининг халқчиллиги, ихчам ва самарали давлат бошқарувга ўтиш, маъмурий ислоҳотлар ўтказиш, Конституциявий ислоҳотларни давом эттириш зарурияти ҳамда миллий ривожланишнинг янги даврига қўйиладиган қадамлар белгилаб олингани билан аҳамиятлидир.

Шу боис, Президент Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг барча босқичларида, олий таълим муассасаларида, маҳаллалар ва нодавлат нотижорат ташкилотларида кенг ўрганиш зарур, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, миллий тараққиётимизнинг муҳим босқичида барчамиз мамлакатимиз ривожи ва фаровон ҳаёт йўлида жасоратли меҳнат қилишга шидду жаҳд қилишимиз даркор.

 

 

Анваржон МИРКОМИЛОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
эксперти


1
Похожие новости