
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномасида мамлакатнинг тамомила янгича мазмун касб этаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсатининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратди.
Президент томонидан дунёдаги ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган ташқи сиёсати изчил давом эттирилиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, дунёнинг турли минтақаларида кечаётган беқарорлик, қуролли тўқнашув, мураккаб геосиёсий жараёнлар, кескинлик ва жаҳон миқиёсида кучайиб бораётган иқтисодий тангликлар шароитида фаол ташқи сиёсат орқали халқаро майдонда миллий манфаатларни самарали илгари суриш муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда Ҳаракатлар стратегияси ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсатдаги ижобий ўзгаришлар мамлакатнинг жаҳон сиёсатидаги ролининг ортишига хизмат қилмоқда. Таъкидланганидек, бугун “Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани, айни ҳақиқатдир”.
Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бош устувор йўналиши – Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида минтақамиз улкан имкониятлар маконига айланди.
Шу нуқтаи назардан, Мурожаатномада Президент томонидан бундан кейин ҳам Марказий Осиёдаги барча қўшни давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиё минтақасида сиёсий мулоқот ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди, давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари йўлга қўйилди, турли даражадаги ўзаро расмий ташрифлар алмашинуви, уларда доирасида имзоланиётган икки ва кўп томонлама шартномалар, битимлар сони ва кўлами ошди.
Жумладан, бундай шартномаларнинг энг муҳимларидан бири – “XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадида дўстлик, аҳил қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома жорий йилнинг 21 июль куни Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви давомида имзоланди. Мазкур шартномани имзоланиши глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги ортиб бораётган бир пайтда минтақамиз давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ривожланишининг намунаси сифатида намоён бўлди.
Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликнинг жадаллашуви давлатлар ўртасида нафақат ўзаро савдо-иқтисодий кўрсаткичларни оширди, балки табиий манбалардан самарали фойдаланиш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, чегараларни кесиб ўтиш ва транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш каби масалаларда ҳам ижобий натижаларга эришишга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда жаҳон миқиёсида кечаётган зиддиятлар ва мураккаб геосиёсий жараёнлар, жумладан қўшни Афғонистон ҳудудида хафвсизликка таҳдидларнинг сақланиб қолаётгани шароитида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни самарали таъминлаш ҳамда ўзаро манфаатли, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бориш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон атрофида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини таъминлаш, минтақа давлатлари билан аҳил қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, шунингдек стратегик шерик давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтиришни изчил давом эттириш, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга, халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида ташқи сиёсий фаолият соҳасида стратегик мақсад ва устувор вазифаларни жадал амалга оширишга хизмат қилади.
Фаррух ҲАКИМОВ
“Тараққиёт стратегияси” маркази
эксперти