• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ТУМАН ВА ШАҲАРЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ЯНГИЧА ЁНДАШУВ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ
2039 | 21 Дек. 2022 й.

Сўнгги йилларда давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси халқимиз томонидан интиқлик билан кутиладиган анъанага айланиб улгурди. Боиси, Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётини таъминлаш ҳамда халқимизнинг турмуш фаравонлигини оширишга қаратилган таклиф ва ташаббусларни ўз ичига олиши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, давлат раҳбари бу йилги Мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттиришга оид вазифалар билан бир қаторда, асосий вазифа сифатида ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Бунда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар жорий этилади.

Келгуси йилдан туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилади.

Жумладан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман – 1-тоифа; инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман – 2-тоифа; шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман – 3-тоифа; жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман – 4-тоифа; шароити оғир бўлган 20 та туман – 5-тоифалардир.

Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳам ҳар хил бўлади. Ушбу имтиёзлар, ўз навбатида ривожланиши суст ҳамда шароити оғир туманларга тадбиркорларнинг инвестиция киритиши ҳамда у ерда ишлаб чиқариш саноатини ташкил этишига замин яратади.

Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгилаш назарда тутилган. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, бошқа тоифадаги туманларга кредитларга пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилмоқда.

Ушбу ёндашувлар шароити оғир туман ва шаҳарларнинг иқтисодий салоҳияти ҳамда ишбилармонлик муҳитини ошириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ва шу йўл билан аҳолига фаровон турмуш тарзини яратишга қаратилган.

Шунингдек, бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади. Жумладан, 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм маблағ қолади.

Илғор тажрибалар асосида солиқ ва божхона маъмурчилиги жиддий ислоҳ қилинади.

Умуман олганда, юқорида қайд этилган ташаббусларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши мамлакатнинг барча ҳудудларини тенглик тамойили асосида  ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.

 

Искандар Ўроқбоев,
«Тараққиёт стратегияси» маркази
эксперти

 


0
Похожие новости