• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
ЮҚОРИ НАТИЖАДОРЛИККА ХИЗМАТ ҚИЛАДИГАН ДАВЛАТ БОШҚАРУВИГА ЎТИЛАДИ
1311 | 21 Дек. 2022 й.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида вазирликларнинг ислоҳ қилиниши, айниқса, Ҳукуматнинг иш услубини тубдан ўзгартириш мақсадида, энг аввало вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилишини таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда 25 та вазирлик, 10 давлат қўмитаси, 3 та давлат инспекцияси, 19 та агентлик, 5 та қўмита, 8 та марказ, 2 та марказий муассаса, 4 та инспекция жами 76 та Давлат бошқаруви органлари фаолият юритиб келмоқда.

Бошқарув тизимида давлат органлари сони кўп бўлар экан, ўз навбатида, уларга сарф бўладиган харажатлар ҳам салмоқли бўлади. Ҳатто, давлат иштироки шарт бўлмаган соҳа ва тармоқларда ҳам уюшма, ассоциация ва шунга ўхшаш идоралар бўлиб, уларнинг аксарияти давлат бюджетидан молиялаштирилади.

Мисол учун, биргина қишлоқ хўжалиги бўйича иккита вазирлик, учта қўмита, иккита агентлик, битта инспекция яъни, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолият юритмоқда. Ёки бўлмаса, бугун турли соҳалар бўйича 18 та инспекция бор. Айримлари бир-бирининг функциясини такрорлайди.

Бундай мисолларни бошқа бир қатор вазирлик ва қўмиталар мисолида ҳам келтириш мумкин. Бир-бирини такрорловчи бундай вазирлик ва идоралар ҳукумат таркибида мавжудлиги бюджет харажатлари ошиши билан бирга, соҳаларда функциялар такрорланишига, ўзаро ўхшаш ёки зид меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳам олиб келади.

Президент таъкидлаганидек, ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор. Марказлашув юқори. Оқибатда, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланмоқда.

Давлат бошқаруви тизимида маъмурий аппаратни ихчамлаштириш ва иш жараёнларини мақбуллаштириш орқали ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизими жорий этилишига эришилади.

Бунинг натижасида, иқтисод қилинадиган маблағлар инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратилиб, камбағалликни қисқартиришга йўналтирилади.

 

 

Илҳом ЖЎРАЕВ,
“Тараққиёт стратегияси”
маркази 
эксперти


1
Похожие новости