• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

Халқ вакиллари Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти билан таништирилди

2023 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда вакиллик органларининг роли» мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган ўқув-семинарда Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, «Тараққиёт стратегияси» маркази экспертлари, барча даражадаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари раислари ҳамда котибиятлари мудирлари иштирок этишди.

Дастлаб, тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ўқув-семинардан кўзланган мақсад ва Мурожаатноманинг аҳамияти, айниқса жойларда ислоҳотларнинг муваффақиятли боришида маҳаллий Кенгашларнинг ўрни муҳимлигини, Мурожаатномада вакиллик органлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ҳам ўзига хос вазифалар белгиланганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олим Солиев, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Борий Алиханов, Адлия вазирининг ўринбосари Актам Муҳаммадиев, Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаев ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляковлар томонидан Мурожаатномада илгари сурилган олтита устувор йўналиш ва ушбу йўналишлар доирасида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўрни ва вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков ўз маърузасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ўтган беш йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

– Мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир олиб борилаётган ислоҳотлар ушбу соҳани институционал ва ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Жумладан, Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институти, тадбиркорлар ҳуқуқларини тизимли ва ихтисослашган ҳолда ҳимоясини ташкил қилиш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) институтининг ташкил қилиниши бунга яққол далилдир.

2017–2021 йиллар мобайнида маъмурий судлар томонидан 71 794 та ариза кўрилиб, шундан 65 фоизи қаноатлантирилди. Шунингдек, мазкур давр оралиғида судлар томонидан кўрилган маҳаллий ҳокимларнинг 13 734 та қарорининг 6 024 таси ҳақиқий эмас, деб топилиб, фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. 3 702 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Мамлакатда олиб борилган ислоҳотлар натижаси ўлароқ, узоқ йиллар давомида юртимиз учун тамға бўлиб келган Жаслиқ жазони ижро этиш колонияси тугатилди. Қийноқларнинг олдини олиш масаласига давлат раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармони ва 6 та қарори қабул қилинди. Шунингдек, 2017–2021 йилларда жазо муддатини ўтаётган 6 мингга яқин маҳкумга нисбатан афв этиш актлари қўлланилди.

Шу билан бирга, суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди, ишларни кўриб чиқиш 7 босқичдан 4 босқичга қисқартирилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали «Бир суд – бир инстанция» тамойили жорий этилди. Натижада, фуқароларнинг оворагарчилигига сезиларли даражада барҳам берилиб, одил судлов самарадорлиги оширилди.

Ўқув-семинар сўнггида Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросининг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишида маҳаллий Кенгашлар фаол бўлиши лозимлиги яна бир бор таъкидланиб, соҳа вакиллари ва масъуллар томонидан бу борада зарур тавсия ва таклифлар билдирилди.

 

«Тараққиёт стратегияси» маркази
Ахборот хизмати