• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ҲИНДИСТОН МУДОФААНИ БОШҚАРИШ КОЛЛЕЖИ ОЛИЙ КУРСИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ ИСЛОҲОТЛАР НАТИЖАЛАРИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

2023 йилнинг 21 февраль куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Ҳиндистон Мудофаани бошқариш коллежи олий курси тингловчилари учун мамлакатда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти ва 2022 йил давомида эришилган дастлабки натижаларга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.

Тақдимот давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистон сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ҳар бир йўналиш доирасида барқарор ўсиш суръатларига эришганлиги, энг асосийси, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасида бир қатор ҳаётий ташаббусларнинг амалга оширилиши натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги юксалаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Энг муҳими, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган халқчил ислоҳотлар узвий давом эттирилганлигидир. Хусусан, Тараққиёт стратегиясида бугунги глобаллашув жараёнларидан келиб чиққан ҳолда еттита йўналиш ўз ичига юзта мақсадни қамраб олган.

2022 йилда Тараққиёт стратегияси мақсдларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида тутган роли ва ўрнини ошириш, халқ фаровонлиги, тинчлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш, эркин жамият ва адолатли давлат қуришга ҳамда мамлакат хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириб, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди.

Натижада, Тараққиёт стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш орқали давлат бошқаруви органларининг фаолияти “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиниб, ихчам, профессионал, адолатли, юқори самарадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизими жорий қилинди.

Иқтисодиёт тармоқларида барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш орқали келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни – 1,6 баравар ва 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг АҚШ долларидан ошириш ҳамда «даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар» қаторига кириш учун замин яратиш ҳам Тараққиёт стратегиясининг бош мақсадларидан биридир. Албатта, бу жараёнлар учун мамлакатга инвестиция оқимини кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, 2022-2026 йиллар давомида 120 млрд. АҚШ доллари, жумладан 70 млрд. доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш чоралари кўрилмоқда.

Шу билан бирга, Тараққиёт стратегиясининг еттинчи — Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналиши доирасида Жанубий Осиё, Осиё-Тинч океани, МДҲ, Европа Иттифоқи ва Америка мамлакатлари, шунингдек Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка минтақалари давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик янада  жадаллаштирилмоқда.

Албатта, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг кенгайишида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқаларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга.

Тақдимот якунида ҳиндистонлик тингловчиларнинг тақдимот юзасидан фикр ва мулоҳазалари тингланиб, иштирокчилар томонидан Тараққиёт стратегияси ижроси юзасидан, жумладан Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги дўстона алоқалар ривожининг кейинги босқичига қаратилган саволларга жавоб берилди.

 

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати