• Ўзбек

Uzbekistan2030.uz

"ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИ"
  МАРКАЗИ
"Тараққиёт Cтратегияси" маркази

ЕХҲТ ПА АЪЗОЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 23–24 февраль кунлари Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси аъзолари Австриянинг Вена шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг навбатдаги қишки сессиясида иштирок эди.

Мазкур сесcия доирасида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистон делегацияси аъзолари томонидан мамлакатда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар муҳокамасига бағишланган тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.

Тадбирлар давомида иштирокчиларга “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда конституциявий ўзгартиришларга бағишлаб тайёрланган китоб, рисола ва инфографик тўпламлар тарқатилди.

Хусусан, Вена шаҳрида ЕХҲТ ПАси аъзолари, Aвстриянинг сиёсий, иқтисодий, маданий ва академик доиралари, шунингдек олимлар, экспертлар ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари билан бўлиб ўтган қатор давра суҳбатларида Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламетлараро алоқалар қўмитаси раиси Дилором Файзиева ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковлар иштирокчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб ўтдилар.

Хусусан, Конституциявий ислоҳотларда ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари инобатга олиниб келинаётганлиги таъкидланди.

Жумладан, бу жараёнда БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида қабул қилинган 400 дан ортиқ конвенция, декларация, резолюция ҳамда конституциявий ривожланиш борасидаги халқаро тажриба ўрганилди.

Тақдимотлар давомида иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, Конституциявий комиссияга мамлакатимиз аҳолиси томонидан 220 мингдан ортиқ таклиф юборилгани, Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур масала бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш ва фуқароларга ўз конституциясини ўзлари шакллантиришлари ҳамда танлашлари учун имконият яратиб бераётганини юқори баҳоланди.

Жумладан, ЕХҲТнинг собиқ Бош котиби, ЕХҲТ ПAнинг юқори даражадаги эксперти Ламберто Заньер Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришини, айниқса мамлакатда рўй бераётган юқори суръатдаги ўзгаришлар катта таассурот қолдирганини эътироф этди. «Ўтган 5-6 йил ичида Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизими, демократия ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш соҳаларида залворли ўзгаришлар амалга оширилди», – деди Ламберто Заньер.

 “Ўзбекистон бугун ислоҳотлар сари интилаётган «тезюрар поезд»га ўхшайди. Кўп қутбли дунёнинг ҳозирги тенденциялари ҳамда юзага келаётган таҳдидлар, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва демократияни таъминлаш учун кучли шарт-шароитлар яратиш зарурлигини тақозо этмоқда», – деди Aвстриянинг Европа тадқиқотлари ва хавфсизлик сиёсати институти вице-президенти Кристин Муттонен.

Шу билан бирга, тадбирда Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида мамлакатда ижтимоий-иқтисодий барқарорлик таъминланиб, ташқи сиёсий фаолият соҳасида ўзининг асосий принциплари, стратегик мақсад ва вазифаларига собит қолаётганлиги айтиб ўтилди.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг бугун мамлакатда инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда очиқ, конструктив ва прагматик ташқи сиёсати мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириши билан бир қаторда, нафақат Ўзбекистонни, балки Марказий Осиёни ҳам улкан имкониятлар ва ҳамкорлик маконига айлантирмоқда.

 

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати